Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дубайда роботлар илк бор вилла қуради
14:26 / 2026-01-29

БАА Дубай шаҳрида бунёдкорликнинг янги даври бошланмоқда. Хусусан, робототехника кундалик қурилиш амалиётининг бир қисмига айланяпти. Яқинда Дубай мэрияси тўлиқ автоматлаштирилган тизимдан фойдаланган ҳолда барпо этиладиган дунёдаги биринчи турар-жой вилласини яратиш бўйича халқаро ташаббусни эълон қилди.

"Dubai Media Office" нашри хабар беришича, ушбу лойиҳа уй-жой қуриш масаласига ёндашув ҳал қилувчи даражада ўзгараётганини англатади. Расмийлар робототехникадан нафақат синов тариқасида, балки ҳақиқий уй-жой лойиҳаларида ҳам ишончли тарзда фойдаланиш мумкинлигини намойиш этиш ниятида. Халқаро миқёсда бирлашган 25 дан зиёд технология компанияси ва академик муассаса ушбу ташаббусда иштирок этади.

Шаҳар ҳокимияти "Zacua Ventures" ва "Würth Group" билан бирга назорат қиладиган ушбу кенг кўламли дастур иқтисодий самарадорликни таъминлаш, турли технологияларни бевосита қурилиш майдонида уйғунлаштириш мақсадини кўзлайди. Лойиҳа ёрдамида нафақат алоҳида қурилмалар синовдан ўтади, балки бутун жараён автоматлашади. Тайёр вилла анаъанавий талаблардан ташқари ҳақиқий уй-жой стандартига ҳам жавоб бериши лозим.

Қурилиш инновацияси ва тадқиқот маркази - "04 ConTech Valley" водийси очилиши билан бир вақтда эълон қилинган ташаббус доирасида "Expo City Dubai" ҳудудида жойлашган ушбу объект илғор қурилиш тизими учун доимий синов майдончаси бўлиб хизмат қилади.

Марказ роботлаштирилган қурилиш воситалари, сўнгги авлод материаллари ва рақамли инфратузилма технологиялари синовини қўллаб-қувватлайди. Стартаплар, ишлаб чиқувчилар ва тадқиқотчилар жараёнда ўз ечимларини асл шароитда синаб кўриши мумкин.

Мэрия бош директори Марван Аҳмад бин Ғалита илғор қурилиш технологиялари Дубай тараққиёт стратегиясининг муҳим унсури эканини таъкидлади. Таъкидланишича, автоматлаштириш саноатнинг самарадорлиги, барқарорлиги ва узоқ муддатли ишончлилигини ошириш салоҳиятига эга. Қолаверса, лойиҳа истиқболли технологиялар ишлаб чиқишнинг дастлабки босқичидан тижорат мақсадида қўллашга ўтиш учун мўлжалланган.

Г.Сатторова, ЎзА