Дубайда кураш федерацияси ташкил этилади
Бу ҳақда Халқаро кураш ассоциацияси хабар берди.
Хабарда айтилишича, жорий йилнинг 17-20 июнь кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида Ғарбий Осиё мамлакатлари кураш федерацияларининг мутахассислари, кураш спорт турига қизиқувчилар учун халқаро ҳакамлик семинари ташкил этилади.
Семинарда Ироқ, Иордания, Қувайт, Ливан, Фаластин, Қатар, Саудия Арабистони, Сурия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Яман давлатларидан мутахассислар иштирок этиш истагини билдиришган ҳамда илк талабномаларни тақдим этган.
Мазкур семинар доирасида Дубай кураш федерациясининг очилиш маросими ташкил этилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, минтақадаги Қатар ва бир қатор мамлакатларда кураш федерацияларини ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилиши кутилмоқда.
ЎзА