Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳри 74 метр баландликдаги дунёдаги энг баланд метро бекати жойлашган “Dubai Metro Blue Line” билан навбатдаги рекордни янгилашга тайёр.
“Dubai Creek Harbour” номли жадал ривожланаётган ҳудудида жойлашган ушбу станция “Emaar Properties Station” деб номланади ва кунига 160 минг йўловчини қабул қила олади.
Ушбу бунёдкорлик Дубайнинг ўсиб бораётган сайёҳлик ва ҳаракатланиш бош режасини қўллаб-қувватлаб, 78 та бекат орқали метро тармоғини 131 км га узайтиради.

“The Times of India” нашрининг ёзишича, мазкур бекат Американинг “Skidmore, Owings & Merrill” архитектура бюроси томонидан ишлаб чиқилган. Бу компания аввалроқ дунёдаги энг баланд бино Бурж Халифа лойиҳасини ишлаб чиққан.
Умумий ҳисобда 11 минг квадрат метр майдонни эгаллаган ушбу бекат фақат баландлик билан боғлиқ эмас. Тахминларга кўра, 2040 йилга келиб мазкур бекатда 70 мингдан ортиқ кундалик фойдаланувчилар ҳаракатланади.

Метронинг ички дизайни ҳашамат, анъана ва инновацияларнинг уйғунлигини ўзида акс эттиради. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бекат БААнинг иқлим талабларига тўлиқ жавоб бериб, унинг узоқ муддатли чидамлилигини мустаҳкамлаш учун мўлжалланган.
2009 йилда ишга туширилгандан бери Дубай метроси 2 миллиарддан ортиқ йўловчини ташиди, биргина 2024 йилда кунига 900 минг йўловчи ҳаракатлангани қайд этилган.
2029 йилда ишга тушадиган ушбу янги тармоқ Академик шаҳар, Аль-варка, “Dubai Kremniy oazis” ва Мирдиф каби муҳим турар-жой ва бизнес ҳудудларига боришни осонлаштиради.
Ў.Алимов, ЎзА