Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дубай савдо маркази жаҳон рекордини ўрнатди
12:37 / 2024-03-07

2023 йил “Dubai Mall” дунё бўйича энг кўп одам ташриф буюрган жойга айланди. Хориж оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, куни кеча Дубай савдо маркази вакиллари ўтган йил мажмуага 105 миллион киши кирганини маълум қилди. Бу аввалги йилга нисбатан 19 фоиз кўп.

Жорий йилнинг дастлабки икки ойида айни кўрсаткич 20 миллион кишини ташкил этди. Демак, 2024 йил рекорд яна янгиланиши эҳтимоли яқин.

– Дубай савдо марказининг таъсирчан ҳолатини акс эттирадиган бу рақамлар истиқболли етакчилик, кучли иқтисодиётдан далолат, – деди “Emaar” асосчиси Муҳаммад Aлаббор. – Мажмуамиз шаҳарнинг жўшқин руҳини ва мукаммалликка содиқлигини мужассам этган ҳолда, орзуларни ҳақиқатга айлантирмоқда. Дубай иқтисодий инфратузилмасининг ажралмас бўлаги сифатида биз шаҳар муваффақияти ва инновациялашуви жараёнида муносиб ўрин эгаллаяпмиз.

2023 йил давомида ва 2024 йил бошида, асосан, акциялар, йирик байрам тадбирлари, халқаро анжуманлар савдо маркази муваффақиятини таъминлади. Хусусан, Дубай савдо ва таомлар фестиваллари, машҳур 3 кунлик “Супер чегирма” ва бошқа йирик тадбирлар мажмуанинг оммани жалб қилиш қобилиятини кўрсатди.

2008 йил очилган, 1,2 миллион квадрат метр майдонни эгаллаган “Dubai Mall” дунёдаги иккинчи йирик савдо маркази ҳисобланади. Мажмуада 1200 дан зиёд чакана савдо нуқтаси, жумладан “Galeries Lafayette” ва “Bloomingdale's” каби икки йирик универмаг, 200 дан ортиқ халқаро ресторан мавжуд.

ЎзА