Бирлашган Араб Амирликлари “FlyDubai” авиакомпаниясининг “Дубай-Самарқанд” йўналиши бўйича биринчи авиапарвозни амалга оширган самолёти 21 сентябрь куни Самарқанд халқаро аэропортига келиб қўнди. Шу муносабат билан “FlyDubai” авиакомпанияси ва унинг Ўзбекистондаги ҳамкорлари, Транспорт, Туризм ва маданий мерос вазирликлари масъуллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
– Бугун мамлакатимизда нафақат пойтахт, балки бошқа шаҳарларда ҳам хорижий авиакомпаниялар билан ҳамкорликда тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўйиш мақсадида бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири ўринбосари Ж.Чориев. – Жумладан, янгиланган Самарқанд халқаро аэропортининг имкониятларидан фойдаланиш мақсадида хорижий авиакомпаниялар учун чекловлар олиб ташланиб, бешинчи даражадаги ҳаво эркинлиги жорий этилди. Бу мазкур аэропортга рейсларни кўпайтириш орқали сайёҳликни жадал ривожлантиришга катта ёрдам беради. Куни кеча ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам давлатимиз раҳбари томонидан бизнинг вазирлигимизга ва бошқа идораларга аниқ топшириқлар берилди. Бирлашган Араб Амирликларининг “FlyDubai” авиакомпанияси жаҳондаги салоҳиятли авиаташувчилардан бири ҳисобланади. Мазкур компания авиапаркининг янгилиги, хизмат кўрсатиш сифати ва даражасининг юқорилиги ва юздан ортиқ йўналишларда парвозларни амалга ошириши у билан ҳамкорлик истиқболларини белгилайди. Шу боис мазкур компания 21 сентябрдан бошлаб Дубай ва Самарқанд шаҳарлари ўртасида мунтазам қатновларни йўлга қўйди.
“FlyDubai” авиакомпаниясининг бош директори Гейт Аль Гейт Дубай – Самарқанд йўналиши БАА ва Ўзбекистонда талаб юқори бўлган муҳим сайёҳлик йўналишларидан бўлишини таъкидлаб, унинг истиқболига ишонишини таъкидлади. Шу сабабли ҳозирча ҳафтада икки марта – чоршанба ва шанба кунлари, октябрь ойининг якунидан эса тўрт марта парвозларни амалга ошириш, келгусида эса ҳар куни қатновни йўлга қўйиш режалаштирилаётганини маълум қилди. Компания раҳбари Ўзбекистон шаҳарлари билан авиақатновлар самарали бўлишини алоҳида қайд этган ҳолда 24 сентябдан Дубай – Наманган йўналишида ҳам парвозлар амалга оширилишини маълум қилди.
[gallery-8851]
Матбуот анжуманида Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазири ўринбосари Нусратилла Зикриллаев, “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Раъно Жўраева, шунингдек, “FlyDubai” авиакомпанияси вакиллари мазкур янги йўналиш юртимизда туризмни ривожлантириш билан бирга Ўзбекистонни Яқин Шарқ мамлакатлари билан боғлаш, шунингдек, дунёнинг турли минтақаларига транзит парвозларни амалга оширишга ёрдам беришини таъкидлади.
“FlyDubai” авиакомпанияси томонидан айни пайтда ҳар ҳафта юздан ортиқ йўналиш бўйича 1200 дан ортиқ авиақатнов йўлга қўйилган. Компания энг сўнгги русумдаги ҳаво кемаларидан фойдаланади ҳамда хавфсизлик ва хизмат кўрсатиш сифати бўйича юқори натижаларга эга авиаташувчи ҳисобланади.
Ғ.Ҳасанов,
А.Исроилов (сурат), ЎзА