Дубайда барокко опера санъати дурдоналаридан бири – Георг Фридрих Генделнинг “Tamerlano” асари илк бор халқаро премьера сифатида намойиш этилди. Бу тадбир нафақат Ўзбекистон мусиқа санъати, балки бой ва ранг-баранг маданиятимиз ҳам жаҳон миқёсида намоён бўлиши нуқтаи назаридан муҳим воқеага айланди.
Қолаверса, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан амалга оширилган мазкур лойиҳа маданий дипломатиямиз тарихида янги босқични белгилаб берди.

Томошабинлар эътироф этишича, Дубайдаги премьера мамлакатимизнинг жаҳон маданий жараёнидаги фаол иштирокини таъминлаш, санъатни замонавий саҳна тили орқали глобал аудиторияга тақдим этишга қаратилган изчил сиёсатнинг яққол намунасидир.
Италиялик машҳур режиссёр, сценограф ва рассом Стефано Пода томонидан саҳналаштирилган мазкур асар талқинида “Tamerlano” оддий тарихий опера эмас, балки муҳаббат, ҳокимият, тақдир ва маънавий танлов ҳақидаги умубашарий мулоҳаза сифатида намоён бўлган. Саҳнада тарихий образлар замонавий визуал ечим билан уйғунлашиб, томошабинни ҳиссиёт ва тафаккур орасидаги нозик ҳудудга олиб киради.

Асар марказида турган буюк саркарда Амир Темурнинг ҳукмдор сифатида шаклланиши, ички маънавий кураши ва Бибихоним билан боғлиқ муҳаббат қиссаси драматик ривожланишнинг асосий ўқини ташкил этади. Темур ва унинг рақиби – Усмонийлар султони Боязид тақдири орқали адолат, куч ва масъулият тушунчасига яна бир бор мурожаат қилинган.
Гендель мусиқаси бу сафар мутлақо янги оҳангда янграган. Композитор Кирилл Рихтер яратган мусиқий талқин барокко анъанасини сақлаган ҳолда, ўзбек миллий чолғу асбобларининг ноёб тембри билан бойитилган. Карнай, рубоб, қўшнай, най, чанг ва ўта ноёб “Бобур скрипкаси” садоси операга бетакрор безак бахш этган. Айни мусиқий уйғунлик спектаклни нафақат тинглаш, балки ҳис қилиш имконини беради.

Мусиқий жўрликни Алибек Кабдураҳмонов дирижёрлигидаги Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри ижроси таъминлаган. Гулнора Маликова бошчилигидаги хизмат кўрсатган хор жамоаси, “Ўзбегим” карнай-сурнай гуруҳи ва Абдукарим Ашурматов раҳбарлигидаги халқ чолғулари оркестри таркибида жами 160 нафардан ортиқ санъаткор жалб этилган ушбу асар кўлами ва мазмуни билан халқаро саҳна стандартига тўлиқ жавоб беради.
Асосий ролда гавдаланган Ўзбекистон халқ артисти Женисбек Пиязов Амир Темур образига чуқур ички драматизм ва қудрат бахш эта олган. Боязид ролида испаниялик машҳур тенор Хуан Санчо, Астерия тимсолида аргентиналик сопрано Вероника Каньемини кўрамиз. Бибихоним ролини эса таниқли актриса Юлдуз Ражабова ижро этган. Кўзгу, рамзий нақш ва зарҳал апликация қаҳрамонларнинг ички олами ва ижтимоий мақомини визуал тарзда очиб беради.

Дубай премьераси томошабинлар ва профессионал жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан илиқ қарши олинди. Бу муваффақият маданиятимизга нисбатан халқаро миқёсда эътибор ошаётгани, ўзбек санъати замонавий саҳна тилида дунё билан мулоқот қила олаётганидан далолат.
Ушбу операнинг Европа мамлакатлари бўйлаб гастрол сафари режалаштирилган. Бинобарин, “Tamerlano” Ўзбекистон маданиятининг жаҳон саҳналаридаги рамзига айланиши шубҳасиз.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/EJnD1PkcXsQ" title="Dubay operasida tarix va zamonaviylik: “Tamerlano” orqali O‘zbekiston madaniyati jahon sahnasida" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Беҳруз Худойбердиев, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА