Пойтахтимизда дуатлон спорт тури бўйича мамлакат чемпионатига старт берилди.
Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Триатлон федерацияси ҳамда бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкиллаштирилган чемпионатда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган спортчилар ғолиблик учун куч синашмоқда.
Дуатлон спорт тури югуриш, велопойга ва қисқа масофага югуриш баҳсларини ўз ичига олади. Мазкур чемпионатнинг югуриш баҳслари Халқлар дўстлиги саройи айланаси бўйлаб ташкил этилади. Унда иштирокчилар биринчи босқичда 5 километр масофага югуришса, иккинчи босқичда иштирокчилар велопойга бўйича жами 20 километр масофада рақобатлашади. Велопойгачилар Халқлар дўстлиги саройидан старт олиб, Бешёғоч майдони ва Байналминал кўчаларини айланиб ўтган ҳолда Олий Мажлис биноси ёнида финишга етиб келишади.
Учинчи босқичда дуатлончилар 2,5 километр масофада қисқа югуришда ўзларини синаб кўради.
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари бир неча соатдан сўнг аниқ бўлади.