Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дуал таълимнинг ўрни ва фан, таълим, ишлаб чиқариш кластерларини ривожлантиришда инновацион ёндашувлар
11:27 / 2023-11-29

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ва Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида “Соҳа корхоналари учун юқори малакали кадрлар тайёрлашда дуал таълимнинг ўрни ҳамда фан, таълим, ишлаб чиқариш кластерларини ривожлантиришда инновацион ёндашувлар” мавзусига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди.

Унда Россия, Хитой, Туркия, Ҳиндистон, Тожикистон, Германия, Италия, Украина, Корея, Франция, Покистон, Қозоғистон ва бошқа кўплаб давлатлардан олий таълим муассасалари профессорлари, тадқиқот институтлари олимлари, маҳаллий вазирлик идоралари, нуфузли ташкилот ва корхоналар вакиллари қатнашди.  

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2022 йил 28 июнь куни ўтказилган видеоселектoр йиғилишида белгиланган устувор вазифалар ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз борди. Унга асосан давлат раҳбари томонидан янги ўқув йилидан бошлаб Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида 3- ва 4-курс талабаларини ўқитишда “дуал” таълим тизимини жорий қилиш, унда ҳафтанинг уч кунида институтда назарий дарслар, қолган уч кунида тўқимачилик технопарки ва корхоналарда амалий ўқув машғулотлар асосида ўқитиш тизимини жорий қилиш вазифаси белгилаб берилган.  

[gallery-14811]

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти халқаро ҳамкорлик ишлари бўйича проректор Нодира Шотурсунова таъкидлаганидек, дуал таълим талабага таълимни ўз йўналишига мос ташкилотда меҳнат қилиш билан бирга олиб бориш имкониятини берувчи тизимдир.  

– Бунда талабалар ҳафтанинг 3 кунида институтда назарий билимларни, қолган 3 кунида корхона ва ташкилотларда ҳақиқий иш жараёнларида амалий кўникмаларни эгаллайди. Дуал таълим шаклида таҳсил олаётган талаба корхона ва ташкилотларда ишга қабул қилинганда уларга корхона томонидан малакали устоз бириктирилади ва ойлик маоши тўланади. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти шу кунга қадар республикадаги 200 га яқин соҳа корхоналари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган бўлса, 2022/2023 ўқув йилида дуал таълим тизими асосида ўқитишни ташкил этиш учун Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган 60 га яқин корхоналар билан шартнома асосида 3-курсдаги 1000 га яқин талаба тажриба-синов тариқасида дуал таълим шаклида ўқитилди. Бунда уларнинг ўқув режасидаги мутахассислик фанларининг ўртача 50 фоиз юкламаси, яъни амалий қисми корхоналарда ўтилиши йўлга қўйилди, – деди Н.Шотурсунова.  

Тадбир доирасида дизайнер профессор-ўқитувчилар ва талабларнинг сара асарларини ўзида жам этган модалар намойишида 30 дан ортиқ либослар намойиши ва хорижий меҳмонлар томонидан ишлаб чиқарган маҳсулотлар кўргазмалари ташкил этилди.  

Шунингдек, иштирокчилар“KOR-UZ TEXTILE TECHNO PARK”даги энг сўнги ва замонавий жиҳозлар билан танишган меҳмонлар соҳа доирасида ташкил этилган лабораториялар билан ҳам танишди.  

Айни чоғда анжуман ўзининг иккинчи кунги тадбирларини давом эттирмоқда. Унда тўқимачилик, енгил саноат ва дуал таълим тизими доирасидаги энг долзарб ва истиқболли мавзулар муҳокама марказида бўлади.  

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА