French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дуал таълим асосида хотин-қизлар бандлиги таъминланмоқда
17:00 / 2025-01-10

Бухоро вилояти Шофиркон туманининг Искогаре маҳалласида яшовчи Ситорабону Неъматовага давлат томонидан имтиёзли кредит ажратилганидан сўнг у қўзиқорин етиштиришга бел боғлади. У бир йилги мавсумда ўртача 4-5 марта ҳосил етиштириш, бундан меҳнатга яраша фойда кўриш мумкинлигини амалда исботлади.

Бухоро ахборот технологиялари техникумидан жой ажратилгач, у маҳалласида қўзиқорин етиштиришни драйвер йўналишга айлантирди. “Аёллар дафтари”даги хотин-қизлар бандлигини таъминлашга ҳисса қўшди. Қўзиқорин етиштириш мураккаб жараён эмас. Экилган уруғлар 40 кунда тайёр бўлади ва сотувга чиқариш мумкин. Ҳозирда ажратилган 500 квадрат метр майдонда бир йилда ўртача 7 тоннага ҳосил олинмоқда. Ҳисоб-китоб қилинса, даромад салмоғи 200 миллион сўмдан кам бўлмайди. 

– Даромади яхши, инсон соғлиги учун фойдали қолаверса бу соҳага қизиқишим ҳам бор, – дейди тадбиркор Ситорабону Неъматова. – Интернет тармоқларида, китобларда маҳсулот тури уни қандай парваришлаш ҳақида маълумотларни топди ва шу асосда изландим. Профессор домлаларимиз билан ҳамкорликда бунинг хусусияти, сифати, ўсиши, ривожланишида самарадорлигини ошириш мақсадида илмий ишларни олиб бордик. Айтилган натижага эришдик. 

Ҳозирда қўзиқориннинг “вешенка” ва “шампион” турларини экиб етиштираётган тадбиркорнинг тажрибасини янада оммалаштириш мақсадида янги ташаббусга қўл урилди. Бухоро давлат университети биотехнология ва озиқ-овқат хавфсизлиги кафедраси ҳузурида замон талабидан келиб чиқиб, Микология лабораторияси ташкил қилинди. Ушбу лабораторияда бакалавр, магистр, ҳамда докторантлар илмий тадқиқот ишларини олиб боришмоқда. 

Президентимиз топшириғи асосида олий таълимда назария ва амалиёт асосида дуал таълим шаклини жорий қилиш орқали олийгоҳда қўзиқорин етиштириш тажрибасини оммалаштириш ва сифат самарадорлигини ошириш учун ҳам имкониятлар кенгайди. 

– Университетнинг табиий фанлар ва агробиотехнологиялар факультети талабалар турар жойи ертўласида “вешенка” ва “шампион” замбуруғларини етиштириш, илмий асослаб берилди, – дейди кафедра мудири Лазиз Йўлдошев. – Бугунги кунда дастурхонларни оқсилга бой маҳсулотлар билан бойитиш мақсадида мазкур ишлар амалга оширилди. Докторант, магистр ва бакалаврлар йўналишда таҳсил олаётган талабаларга дуал таълим тарзда ишни шу ернинг ўзида жорий қилганмиз. 

Мутахассисларнинг фикрича, қўзиқорин ва замбуруғларнинг ташқи кўриниши бир бирига ўхшаш бўлиб, уларни заҳарли турларини ажратишга ҳамманинг ҳам билими етмайди. Бухоро Давлат университети лабораториясида ёш мутахассисларга қўзиқорин етиштириш сирларини ўргатишдан ташқари, унинг иқлимга мос, серҳосил навлари устида илмий ишлар олиб боришга ҳам имкониятлар яратилади. 

– “Шампион” навидан 1 метр квадрат жойдан 15 килограммгача ҳосил олиш имкони бор, – дейди тадбиркор Ваҳоб Тўраев. – Изланишлар натижасида 20-25 килограммгача ҳосил олмоқдамиз. Соҳани вилоятда кенгайтириб, келажакда аҳолига ҳам ўргатишни режалаштирганмиз. 

Илмий асосда иш тутилиши орқали қўзиқорин ҳосилдорлигини 3 баробарга кўпайтиришга эришилди. Энг муҳим жиҳат, университет тажриба майдонида энди фақатгина талабаларнинг соҳа илмини ўзлаштирилиши билан чекланмайди. Ҳозирда ҳар бир маҳалла кесимида биттадан оилани қўзиқорин етиштиришга ихтисослаштириш назарда тутилган. Бу билан 1 та хонадонда икки нафардан хотин-қизлар бандлиги таъминланган тақдирда 1100 та янги иш ўринлари яратилишига замин бўлади. 

Зариф Комилов, ЎзА мухбири