Фармон ва ижро
Тошкент вилоятида маҳаллий иш берувчилар билан дуал таълим асосида кадрлар тайёрлаш ҳамда қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш бўйича Республика семинари ўтказилди.

Дастлаб “Бу боғлар – бир боғлар бўлади” шиори остида Зиёлилар боғининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мутасаддилари, вилоятдаги ташкилотлар раҳбарлари, республикамиздаги олий таълим, фан ва инновациялар бошқармалари бошлиқлари, шунингдек, зиёлилар ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашиб, ўз фикр-мулоҳазалари ва самимий тилакларини билдирди.

Шундан сўнг семинар Ўрта Чирчиқ тумани ва Ангрен шаҳрида давом этди. Унда асосий эътибор Президентимизнинг 2024 йил 16 октябрдаги “Касбий таълимда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро таълим дастурларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросига қаратилди.

Қайд этилганидек, ҳудуддаги касбий таълим ташкилотларида 24 минг 278 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Олий таълимда 8 та давлат, 3 та нодавлат ва 3 та хорижий филиаллар фаолият юритмоқда. Уларда жами талабалар сони 72 минг 755 нафарни ташкил қилади.

2024–2025 ўқув йилида 4 та олийгоҳда дуал таълим шакли йўлга қўйилган бўлиб, бугунгача жами 472 нафар талабалар таҳсил олмоқда. Жумладан, Чирчиқ давлат педагогика университетида 164 нафар, Тошкент давлат аграр университетида 120 нафар, Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСИС”нинг Олмалиқ филиалида 168 нафар ҳамда Тошкент давлат техника университетининг Олмалиқ филиалида 20 нафар талаба дуал таълим шаклида ўқимоқда.

Ҳозирда “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Ўзбеккўмир” АЖ, “Чирчиқ трансформатор заводи” АЖ, “Тошкент трактор заводи” МЧЖ, “Биринчи Резинатехника заводи” МЧЖ, “Бекобод цемент” АЖ, “Қорасув Пахта тозалаш заводи” АЖ каби йирик корхоналар билан шартномалар имзоланди.
Таҳлилларга кўра, касбий таълим ташкилотларида ҳозир 150 дан ортиқ касбларга ўқитилмоқда. Шу асосида 3 минг 960 нафар битирувчи 200 дан ошиқ ўзлари амалиёт ўтаган корхоналарда доимий иш билан таъминланган.

Хусусан, Ўрта Чирчиқ туманидаги “Qorasuv Invest” мебель фабрикасида дуал таълим асосида ишлаб чиқариш жараёни ташкил қилинган. Семинар иштирокчилари бу ерда ёшларга яратилган шароитларни ўрганди. Шу билан бирга, Ангрен шаҳридаги 2-сон политехникум қошида қурилиш соҳасига оид қисқа муддатли курслар фаолияти билан ҳам танишилди.

Шунингдек, семинарда дуал таълим тизимини самарали ташкил этиш, ишлаб чиқариш ва ўқув жараёнини узвий боғлаш, касбий кўникмаларни амалиётда мустаҳкамлаш бўйича ўзаро фикр алмашилди.
А.Мусаев, ЎзА.