“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз”
Зарбдор туманида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллик байрамига бағишлаб – “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида спортнинг стол тенниси тури бўйича Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи соврини учун очиқ турнир бўлиб ўтди.
Бу Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш ишлари вазирлиги, Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон стол тенниси федерацияси ҳамда Жиззах вилоят давлат солиқ бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Турнирда 2011-2012 ҳамда 2009-2010 йилларда туғилган ўғил ва қиз болалар, 2007-2008 йилларда таваллуд топган ўсмир йигит-қизлар ўртасидаги беллашувларда Жиззах вилояти шаҳар ва туманлари ҳамда Бухоро, Навоий, Самарқанд, Сирдарё ва Фарғона вилоятларининг болалар-ўсмирлар (БЎСМ) ҳамда ихтисослашган болалар ўсмирлар спорт мактаб(ИБЎСМ)ларидан келган 160 нафарга яқин ёш ракетка усталари ғолиблик учун баҳс олиб борди.
[gallery-8571]
– 5 кун давом этган муросасиз беллашувлар – шахсий, жуфтлик, аралаш жуфтлик ва жамоавий тизимда ўтказилди, – дейди Ўзбекистон стол тенниси федерацияси Жиззах вилоят бўлими бош мураббийи Бахтиёр Одилов. – Ушбу мусобақада умумжамоа ҳисобида 1-ўрин Самарқанд вилояти, 2- ва 3-ўринлар мос равишда Жиззах ҳамда Сирдарё вилоятлари жамоаларига насиб этди. Жиззах вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг бош совринини самарқандлик ёш ракетка усталари қўлга киритди.
Ғолиб, совриндор ва турли номинациялар соҳибларига ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА