Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ДСҚ раиси ўринбосари: Солиқ органларидан қочиб ёки солиқ тўламай юрадиган замон ўтди
19:03 / 2020-01-04

Шу билан бирга, ушбу фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун олинадиган давлат божининг миқдори деярли 4 баравар камайтирилди.


Маълумки, яқинда “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ва у билан тасдиқланган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар учун уларга жисмоний шахслардан даромад солиғини тўлашни киритган ҳолда, концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар учун айланмадан солиқ (реализация ҳажми 2019 йилда 1 млрд. сўмдан кам бўлганда) ёки умум белгиланган тартибда тўланадиган солиқлар (реализация ҳажми 2019 йилда 1 млрд. сўмдан ошганда) киритилади.

Шу билан бирга, ушбу фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун олинадиган давлат божининг миқдори деярли 4 баравар камайтирилди.

Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида санъаткорларнинг солиқ тўлаш тизими, уларнинг даромадини қай тартибда ҳисоблаш бўйича берилган саволларга мутасаддилар жавоб берди.

— Улар белгиланган тартибда декларация тақдим этади ва шу асосда солиқ ундирилади, — дейди Давлат солиқ қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев. — Агар декларацияда хатолик бўлса, бизда жарима тизими бор. Нафақат санъаткорлар, балки жисмоний ва юридик шахслар, савдо ташкилотларининг даромадини текшириш бўйича солиқ органлари томонидан алоҳида методлар ишлаб чиқиляпти. Кўпчилик “агар мен нақд пулда ҳисоб-китоб қилсам, солиқчилар билмайди”, деб ўйлайди. Лекин солиқ органларида у жисмоний шахс бўладими ёки юридик шахсми, улар ҳақидаги ҳамма маълумотлар бор. Даромадини хато кўрсатганлар қандай аниқланади? Дейлик, улар декларация тўлдирди, лекин ҳамма даромадини кўрсатмади. Бироқ бир йилдан кейин у битта уй ёки машина олди. Биз чақирамиз, мана декларация, шунча солиқ тўладингиз, даромадингизни қаердан олдингиз, кўрсатинг, деймиз. Улар айтиши мумкин отамдан, онамдан олдим, деб. Хўп, шундай ёзиб беринг, дейилади. Ёзиб бергач, отаси-онаси ёки бошқаларнинг даромади кўтарилади. Яъни, мен айтмоқчиманки, биз солиқ органлари энди замонавий тизимга ўтяпмиз. Бизда ҳозир 33 миллион аҳоли бўлса, унинг 14 миллионга яқини ишга лаёқатли бўлса, уларнинг тўлиқ базасини шакллантиряпмиз. Ҳар бир жисмоний шахснинг даромади қанча, унга асос воситалар нималар, машинаси борми ва ҳ.к... Унинг отида нимаики бор бўлса, ҳисоботини юритамиз. Кимдир ўйлаши мумкин солиқ органларини алдаш мумкин ёки солиқ тўламаслик мумкин, деб. Бу мумкинмас! Солиқ органларидан қочиб ёки солиқ тўламай юрадиган замон ўтиб кетди. Бундан бу ёғига ҳар қандай жисмоний ва юридик шахслар солиқ тўлайди. Унинг солиқ базасини аниқлаш солиқ органларига ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди. Маълумотлар базаси бор, биз барча жисмоний шахслар бўйича статистикани юритамиз.