Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дронлар самарадорликни оширмоқда
11:20 / 2025-09-20

Ҳозир илм-фан ва технологиялар жадал суръатларда ривожланиб, ҳаётимизнинг барча жабҳаларига чуқур кириб бормоқда. Айниқса, кончилик саноатида рақамли ечимлар ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, аниқ ўлчовларни таъминлаш ҳамда хавфсизлик даражасини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қиляпти.

ОКМК маркшейдерлари ҳам ушбу жараёнлардан четда қолмай, фаолиятида замонавий технологияларни кенг қўллашни бошлади. Хусусан, “Қалмоққир” ва “Ёшлик-1” конларида эндиликда саноат дронлари ёрдамида релефни тезкор ва юқори аниқликда ўлчаш, 3D моделлар яратиш, бурғилаш режасини тузиш ва ишлаб чиқариш жараёнига татбиқ этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Маълумотларга кўра, LiDAR сканери билан жиҳозланган учувчисиз бошқариладиган аппаратлар сониясига миллионлаб импульс юбориб, ўсимликлар орасидан ҳам ер сатҳининг аниқ тасвирини олиш имконини беради. Натижада релефнинг батафсил рақамли модели, ҳажм ҳисоблари ва геодезик контурлар аниқланади. Анъанавий усуллар билан таққослаганда бу жараён тезроқ, хавфсизроқ ва ишончлироқ ҳисобланади.

Парвоз давомида тасвирга олинган маълумотлар “Datamine” дастурий таъминотига юкланади. Бу ерда мутахассислар нуқталар булутини қайта ишлайди, тармоқ ҳосил қилади, коннинг янгиланган 3D шаклини тузади ҳамда блокларнинг геометриясини аниқлаштиради. Очиқ кон ишлари учун махсус дастур ёрдамида лойиҳалаш ва тезкор режалаштириш вазифалари амалга оширилади. Бундан ташқари, “DataBlast” модули бурғилаш-портлатиш жараёнларига тайёргарлик кўришда кенг қўлланилмоқда.

Дронлардан самарали фойдаланиш учун ОКМК ижро аппарати ва таркибий бўлинмаларининг маркшейдерлик хизматида фаолият юритувчи йигирмага яқин мутахассислар махсус ўқув марказида малака ошириш курсларини тамомлади. Сертификатга эга бўлган ходимлар бугун ишлаб чиқариш жараёнларида замонавий технологиялардан унумли фойдаланиб, маркшейдерлик ишларини юқори аниқлик ва тезкорлик билан олиб боришмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш мумикин, дронлардан фойдаланиш орқали кончилик соҳасида янгича ёндашув ва юқори самарадорликка эришилмоқда. Янги технологиялар маркшейдерларга қисқа вақт ичида кенг кўламли маълумот олиш, ишлаб чиқаришни янада самарали ташкил этиш имконини беради. 

А.Мусаев, ЎзА.