Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Туман (шаҳар)ларда иқтисодий ўсишга туртки берувчи драйвер лойиҳаларни шакллантириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Туман (шаҳар)ларда иқтисодий ўсишга туртки берувчи драйвер лойиҳаларни шакллантириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомда:
драйвер лойиҳаларни шакллантириш, келишиш ва тасдиқлаш;
драйвер лойиҳаларни молиялаштириш;
драйвер лойиҳаларнинг амалга оширилишини таъминлаш, мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш тартиби белгилаб берилган.
Драйвер лойиҳаларни шакллантириш ва уларни самарали амалга ошириш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шахри, шунингдек, туман (шаҳар)лар ҳокимликлари;
драйвер лойиҳалар амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва мониторингини юритиш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги масъул ташкилотлар ҳисобланади.
Қуйидагилар драйвер лойиҳа амалга ошириладиган соҳалар ва йўналишлар ҳисобланади:
а) саноатда:
маҳаллалар ихтисослашувидан келиб чиқиб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш учун микросаноат марказларини ташкил этиш;
махсус иқтисодий ва саноат зоналаридаги бўш ер майдонларидан самарали фойдаланиш;
бўш турган бино ва иншоотларда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;
озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, саралаш, қадоқлаш ҳамда сақлашни йўлга қўйиш;
ихтисослашган маҳаллаларда кооперация асосида ишлаб чиқаришни кенгайтириш;
ишлаб чиқариш корхоналари қувватидан тўлиқ фойдаланиш ва кенгайтириш;
б) хизмат кўрсатишда:
йўллар бўйларида савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини, шу жумладан, “Service point” ва “Service агеа”лар ташкил этиш;
туман маркази ва унга туташ ҳудудлардан оқиб ўтувчи сув ҳавзалари бўйларида, табиий ва сунъий кўллар қирғоқларида соҳилбўйи туризм ва дам олиш масканларини ташкил этиш;
туризм объектлари (уй меҳмонхоналари, савдо шохобчалари ва бошқалар) ташкил қилиш орқали ташриф буюрувчилар (хорижий ва маҳаллий туристлар оқимини кўпайтириш) сонини ошириш ҳамда уларга узоқ муддат қолиш имкониятларини яратиш;
аҳоли гавжум жойларда савдо ва хизмат кўрсатиш йўналишида туну кун фаолият кўрсатувчи замонавий кўчаларни ташкил этиш;
мастер-режа ишлаб чиқилган ҳудудлардаги истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш;
истироҳат боғларини кенгайтириш ва замонавийлаштириш орқали қўшимча савдо-сервис объектлари ҳамда яшил ҳудудларни ташкил қилиш;
ҳудудларда мавжуд бозорлар қувватларини ошириш, фаолиятини тартибга солиш, янги бозорлар ва уларнинг филиалларини ташкил этиш;
давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бўш турган бино-иншоотлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш;
реновация асосида эски уйлар ўрнида пастки қаватларида хизмат кўрсатишга мўлжалланган кўп қаватли замонавий турар ва нотурар жой биноларини барпо этиш учун инфратузилмани яратиш;
ҳудудларни ривожлантириш бўйича мастер-режаларни ишлаб чиқиш;
юқори даромадли касбларга ва хорижий тилларга ўқитишни йўлга қўйиш;
в) қишлоқ хўжалигида:
аҳолига ижара асосида ажратилган қишлоқ хўжалиги ер участкаларидан самарали фойдаланиш учун инфратузилмани яратиш;
ер майдонларини ўзлаштириш, фойдаланишдан чиққан ер майдонларини қайта фойдаланишга киритиш, ер майдонларининг сув таъминотини яхшилаш;
эски боғ ва токзорларни янгилаш ҳамда уларнинг фонида янги серҳосил (интенсив) боғларни ташкил этиш орқали мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиш;
ихтисослашган маҳаллаларда кооперация асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кенгайтириш;
чорвачилик, балиқчилик, иссикхона хўжаликларини ташкил этиш.
Драйвер лойиҳаларни шакллантириш, келишиш ва ишга тушириш туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан амалга оширилади.
ЎзА