Куни кеча, водий вилоятларини пойтахтимиз билан боғловчи катта магистрал йўл – Камчиқ довонида юз берган фавқулодда вазият билан боғлиқ воқеада Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Камчиқ қутқарув отряди ходимлари катта жасорат кўрсатди.

“А-373” Тошкент-Ўш автомобиль йўлининг Наманган вилояти Поп тумани ҳудудидан ўтувчи 148,8 километридаги “Водий-Тошкент” йўналишида ҳаракатланган “Mersedes” русумли, давлат рақами 40 G 062 FB бўлган юк автомашинасида электр қисмдаги қисқа туташув оқибатида ёнғин юз берди. Транспорт воситасининг юкхонасида 600 килограмм кийим кечак юки бўлган.
Воқеа жойига тегишли техникаларда етиб келган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Камчиқ қутқарув отрядининг катта лейтенант Баҳром Мадаминов бошчилигида етти нафар қутқарувчиси юзага келган ёнғинни зудлик билан бартараф этган.

Қутқарувчиларнинг тезкорликда олиб борган саъй-ҳаракатлари натижасида юк машинаси ҳамда ундаги юклар ёнғиндан асраб қолишига эришилган. Қайд этиш жоиз, воқеа туфайли ҳеч кимга тан жароҳати ва талофат етмаган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА