Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Довонда янги туризм маскани барпо этилади
15:29 / 2025-10-21

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 16-17 сентябрь кунлари Наманганга ташрифи чоғида вилоятда туризмни ривожлантиришда салоҳият ва имкониятлар етарли эканлиги, бундан унумли фойдаланиш мақсадида тадбиркорлик субъектларини жалб этиб сармоя киритиш зарурлиги таъкидланди.

Туризм йўналишида янги манзиллар барпо этиш йўлидаги навбатдаги қадамлардан бири сифатида, водий вилоятларини пойтахтимиз Тошкент билан боғловчи катта магистраль йўл – Қамчиқ довонининг Наманган вилоятидан ўтган қисмида замонавий дор йўли ва дам олиш мажмуаси қурилади. 90 гектар майдонни қамраб оладиган мазкур лойиҳани Австриянинг машҳур “Doppelmayr/Garaventa” гуруҳи амалга оширади. 

Шу муносабат билан юртимизга ташриф буюрган “Doppelmayr/Garaventa” компанияси мутасаддилари Жоханнес Триебник, Валерий Яшин ва Евгений Куприн Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов билан учрашди. Ўзаро мулоқотда лойиҳанинг стратегик аҳамияти, техник тафсилотлари, иқтисодий самараси ва амалга ошириладиган қурилиш объектлари муҳокама қилинди. 

Қайд этиш даркор, ушбу лойиҳани йирик тадбиркорлардан бири, “Aisha group” компанияси раҳбари, “Шуҳрат” медали соҳиби Жобирхон Камолиддинов молиялаштирмоқда. 

– Йирик кўламдаги ишларни бажариш учун вилоятнинг сўлим табиати аллақачон тайёр эди, энди унга инфратузилма керак, холос, – дейди тадбиркор. – Бугун одамлар довондан ўтишади, биз эса эртага бу жойда дам олиш истагини уйғотамиз. Мазкур лойиҳа амалга ошгач, Наманган вилояти нафақат водийда, балки бутун Марказий Осиёда тоғ туризмининг янги марказига айланиши кутилмоқда. 

[gallery-25834]

Маълумот ўрнида, “Doppelmayr/Garaventa” Австрия ва Швейцарияда ташкил топган бўлиб, канатли йўллар, лифтлар, йўловчи ва материал ташиш системалари ишлаб чиқарувчи йирик компаниялар гуруҳидир. Компания турли технологиялар, системалар ва хизматлар бўйича етарлича кенг портфельга эга ҳамда 96 давлатда 15 мингдан зиёд канат йўлларини қурган. 

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.