Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Довонда туризм лойиҳаси амалга оширилади
10:18 / 2026-02-10

Водий ҳудудларини пойтахтимиз билан боғловчи Қамчиқ довони республикамизнинг стратегик аҳамиятга эга бўлган катта магистраль йўлидир. Қолаверса, бу тоғли ҳудудда ҳали ишга солинмаган туризм имкониятлари мавжуд бўлиб, у иқтисодиётни барқарорлаштириш ҳамда аҳоли фаровонлиги ва турмуш шароитларини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга.

Жумладан, Наманган вилоятининг Поп тумани ҳудудидан ўтган довон қисмида замонавий туризм зонасини барпо этиш бўйича истиқболли йирик лойиҳа тақдимоти ўтказилди. Мазкур лойиҳа “Aisha Home Group” масъулияти чекланган жамият томонидан амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, умумий қиймати 35 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирокидаги тақдимотда лойиҳани босқичма-босқич амалга оширилиш муддатлари, молиявий манбалари ва ҳудуд туризмини ривожлантиришдаги аҳамияти юзасидан батафсил маълумот берилди.

Тақдим этилган лойиҳа доирасида катта йўл бўйида кичик автобуслар учун, шунингдек, 250 ўринли ва тўрт қаватли 450 ўринли авто-тураргоҳлар барпо этилади. Ушбу иншоотнинг юқори қисмида замонавий ресторан ташкил этилади.

Тадбиркор Жобирхон Камолиддиновнинг қайд этишича, туристлар учун пиёдаларга мўлжалланган 120 метрлик осма кўприк, сой устига қуриладиган кўприк-тўғон, шунингдек, дор йўлининг биринчи станцияси барпо қилинади. Меҳмонларни кутиб олиш биноси, ўзбек миллий урф-одатлари ва анъаналарини акс эттирувчи этнос-комплекс ҳам лойиҳадан ўрин олган.

[gallery-27569]

Сунъий кўл атрофида сув ўйингоҳлари, миллий таомлар мажмуаси ташкил этилади. Олти ёшгача бўлган болалар учун 100 метр узунликдаги, тўрт йўлакли сунъий қор ускунаси билан жиҳозланган ўйингоҳ барпо этилади. Ота-оналар учун кузатув жойи ва кафе фаолият юритади.

Катталар учун 250 метр узунликдаги сунъий қор майдони ташкил этилади. Дор йўлининг ўрта станцияси, 100 хонадан иборат, 200 ўринли уч қаватли меҳмонхона ҳамда 300 та хонадан иборат апартамент уйлар қурилади.

Қолаверса, болалар учун ўйингоҳ, зоопарк, табиий материаллардан қурилган дам олиш масканлари барпо этилиши режалаштирилган. Дор йўлининг юқори станцияси, кузатув майдони, терраса, кафе ва сувенир дўконлари, болалар майдончаси ҳам лойиҳадан ўрин олган.

Мазкур йирик туризм лойиҳасини ишга тушириш 2027 йил охирига мўлжалланган бўлиб, унинг амалга оширилиши ҳудуднинг туристик салоҳиятини янада ошириш, янги иш ўринлари яратиш, энг асосийси, жаҳон стандартларига асосланган хавфсизликни таъминлаш ҳамда ички ва ташқи туризмни жадал ривожлантиришга хизмат қилади.

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.