Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Довонда мавсумни беталафот ўтказиш – асосий вазифа
08:08 / 2026-01-22

Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларини пойтахтимиз Тошкент билан боғловчи А-373 “Тошкент – Оҳангарон – Ангрен – Қўқон – Шаҳрихон – Андижон” автомобиль йўли ва “Ангрен-Поп” электрлаштирилган темир йўлининг Қамчиқ довони қисми республикамизнинг муҳим стратегик аҳамиятга эга инфратузилмаси ҳисобланади.

Довон орқали бир кунда водий ҳудудларидан Тошкентга ва пойтахтдан водийга ўртача 30 мингдан зиёд автотранспорт воситалар, шунингдек, “Ангрен-Поп” электрлаштирилган темир йўли орқали 30 га яқин юк ва йўловчи поездлари қатнови амалга оширилиб, бир сутка давомида 80-90 минг тонна юк ҳамда 100 мингдан ортиқ фуқаролар довон орқали ҳаракатланади.

Довон ҳудудида аҳоли ва транспорт воситаларини узлуксиз ҳаракатини таъминлаш мақсадида, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, содир бўлган тақдирда оқибатларини бартараф этиш учун жалб этиладиган куч ва воситалар юқори тайёргарлик режимида навбатчилиги олиб борилмоқда.

Республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Камчиқ махсус қутқарув бошқармасининг қутқарувчилари томонидан мавсум давомида 1 минг 330 маротаба чиқишлар амалга оширилиб, уларда 1 минг 776 нафар йўловчи ва ҳайдовчига амалий ёрдам кўрсатилди.

Довон автомобиль йўлининг 138-162 километр оралиғида 65 та қор кўчиш хавфли участка мавжуд, улардан 37 таси тўғридан-тўғри автомобиль йўлига хавф солиши мумкин. Буларда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, “Ўзгидромет” ходимлари билан мониторинг кузатув ишлари кучайтирилган тартибда олиб борилмоқда. Ўтган мавсум давомида шимолий, жанубий захира йўлларига кириш ҳудудларида қор кўчиш хавфи эълон қилиниб хавфсизлик чоралари кўрилган.   

“А-373” автомобиль йўлининг қор кўчиш хавфли участкаларга 9 мингдан ортиқ қор кўчкиларидан ҳимоя тўсиқлар бўлиб, ўтган 2025 йилда 250 та ҳимоя тўсиқ ўрнатилди. Жорий йилда эса, қорни ушлаб турувчи 300 дан ортиқ қалқонлар ўрнатилиши режалаштирилган. Шунингдек, хавфли участкаларда доимий мониторинг кузатиш ишлари йўлга қўйилиб, автомобиль йўлини сақлаш, хандақларни тозалаш ва сирпанчиққа қарши қум-туз аралашмаларини сепиш ишлари бажарилмоқда, қор кўчкиларига хавфли участкаларга 125 та “Тўхта! Қор кўчиш хавфи бор!” огоҳлантирувчи ва транспорт воситаларини тўхташини тақиқловчи 30 та белги ўрнатилди.

Довон ҳудудида содир бўлган фавқулодда вазиятлар, йўл ёпилиши билан боғлиқ ҳолатларда, “А-373” “Тошкент-Ўш” автомобиль йўлининг 129 километр (220 километр) “Бешқўл” навбатчилик маскани ҳудудига 100 нафар фуқаро учун дала чодири ўрнатилиб, исиниш пункти ташкил этилиб,  қуруқ озиқ-овқат захираси, иситиш печлари, ёритиш чироқлар, стол-стул ва бошқа зарурий жиҳозлар билан таъминланган. Шунингдек, “Қамчиқавтойўл ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш корхонаси” давлат муассасасининг Наманган ва Тошкент вилоятлари ҳудудларида жойлашган 258- ва 524-йўл бўлимларида қулай шарт-шароитларга эга 50 кишини қабул қилиш бўйича исиниш пунктлари ташкил этилди. Мавсум бошидан ҳозирги кунга қадар мазкур иситиш пунктида 57 та техникада 88 нафар фуқаро қабул қилиниб, иссиқ чой ва қуруқ озиқ-овқат билан таъминланган.

– Қор кўчкиси – тоғли ҳудудларда юзага келадиган хавфли табиий ҳодиса бўлиб, у кўп ҳолларда инсон ҳаётига ва инфратузилмаларга катта зиён етказиши мумкин. Шу сабабли, қор кўчкиси хавфини олдиндан билиш ва ундан ҳимояланиш, огоҳлик ва эҳтиёткорлик  чораларини кўриш жуда муҳим аҳамиятга эга. Юқори тоғли ҳудудларда жойлашган қор қатламларининг ўз оғирлиги ёки ташқи таъсирлар сабабли силжиши ва тезлик билан пастга тушиши турли омиллар таъсирида юз беради. Одамлар ёки техникалар таъсири – тоғли ҳудудлардаги сайёҳлар ёки қурилиш ишлари қор кўчкисини фаоллаштириши мумкин, – дейди Қамчиқ махсус қутқарув бошқармаси бошлиғи, полковник Ҳасан Бобонов.

Шу ўринда, қор кўчкиси хавфидан сақланиш чоралари борасида айрим фойдали тавсияларни эслатиб ўтишни жоиз, деб билдик. Энг аввало, тоғли ҳудудларда эҳтиёткор бўлинг. Айниқса, қор кўчиши хавфи юқори бўлган жойларга бормаслик керак. Огоҳлантириш хизматларини кузатиб боринг об-ҳаво маълумотлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тавсияларига амал қилинг.

Қор кўчкиси – жиддий табиий офат бўлиб, ундан ҳимояланиш учун ҳар бир инсон эҳтиёткорликни ошириши ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилиши зарур. Табиат шиддатли бўлиши мумкин, лекин у билан тўғри муносабатда бўлсак, ҳаётимиз ва мулкимизни сақлаб қолишимиз мумкин.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.