Нурафшон шаҳрида спортнинг мини футбол, шахмат-шашка, югуриш, стол тенниси каби турлари бўйича оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқ фаоллари ўртасида спартакиада ўтказилди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Спорт вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Ўзбекистон журналистлар уюшмаси ҳудудий бошқармалари билан ҳамкорликда ўтказилган мусобақалар қизғин баҳсларга бой бўлди.


Хусусан, вилоятнинг ҳар бир туман-шаҳардан қатнашган 300 нафардан зиёд қатнашчилар орасидан умумжамоа ҳисобида Бўка, Янгийўл, Ўрта Чирчиқ, Паркент, Тошкент туманлари, Олмалиқ шаҳри вакиллари фаоллиги билан ажралиб турди. Тақдирлаш маросимида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев сўзга чиқиб, бу каби мусобақаларни янада кўпайтириш, мунтазам равишда ўтказиш лозимлигини алоҳида таъкидлади. Шундан сўнг ғолиблар ва фаол иштирокчилар тақдирланди.


– Волейбол бўйича ҳудудимиздан қатнашган аёллар жамоамиз фаол иштироки билан ажралиб турди, – дейди Ўрта Чирчиқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аббосжон Эргашев. – Бундан хурсандмиз. Мусобақа қизғин тарзда ўтди. Муҳими кўплаб ҳамкасбларимиз билан яна дўстона муҳитда ўзаро беллашдик. Одатда турли тадбирларни ОАВда ёритиш билан банд бўлган бўлсак, бу сафар ўзимиз иштирокчи бўлдик.
Ўз навбатида, мазкур дўстона спорт мусобақалари ҳудудларда ахборот муҳитини янада яхшилаш, мустақил ижодкорлар ва ОАВ вакиллари билан давлат хизматчилари ўртасида самимий алоқаларни ривожланишига хизмат қилади.

А.Мусаев,ЎзА.