Достон Бозоров яна бир чемпионлик камарини қўлга киритди
Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида Аралаш жанг санъатлари (ММА) бўйича “Octagon 56” халқаро турнири бўлиб ўтди.
Мусобақада ҳамюртимиз Достон Бозоров енгил вазн тоифасида қозоғистонлик Нурбек Тажибаев билан чемпионлик камари учун рақобатлашди. Беш раундлик беллашувда Достон Бозоров ҳакамлар қарорига кўра ғалаба қозонди ва юртимизга чемпионлик камари билан қайтадиган бўлди.
Маълумот учун, Д.Бозоров ярим енгил вазн тоифасида “Interim” камари соҳиби ҳисобланади ва энди енгил вазн тоифасида ҳам чемпионлик камарига эга чиқди.
Мазкур халқаро турнирда яна бир вакилимиз Одилхон Камолов ҳамда қозоғистонлик Эркебулан Токтар ўзаро иккинчи жангини ўтказди. Унда ҳакамлар Токтарни ғолиб дея эътироф этди. Эслатиб ўтамиз, илк жангда О.Камолов рақибини таслим этган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА