English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дўстназар бобонинг ватани ёхуд Толлида карвон изи бор...
11:40 / 2021-04-06

Инсон умри замонлар, асрлар кабатида жуда-жуда ўлчовлидир. Кўплар ана шу ҳаёт йўлини мазмунли қилишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилади. Бундай умрнинг тафти, ҳарорати нафақат йилларга, балки асрларга татийди.

1942 йилнинг 15 октябрида Шўрчи туманида туғилган Дўстназар Нормуродов ҳам ҳаётини яхши ишлар билан безаб яшаётганларнинг бири.

Аммо бу бахт, фароғат унга осонликча келмаган. Ҳаёт йўлига назар солсангиз, бунга яққол амин бўласиз.

Бахт калити илмда бўлади. Буни у болаликдан англаб етди. Мактабда барча фанлардан аъло ўқиди.

1960 йили Самарқанд Давлат университетига ўқишга кирди. У болаликдан тарихга қизиқар эди. 

Эҳ минг кўзли болалик чоғлари. 

Юлдузларга тўла осмонлар.

Унинг болалиги Шўрчи туманидаги энг қадимий масканлардан бири бўлган Толлида ўтди. Суви ширин, ҳавоси тоза бу қишлоқдан ўша пайтларда қадимшунос археологлар қадами узилмасди. Толли қишлоғи қадим Бақтриянинг пойтахти бўлган Далварзиндан беш чақирим атрофда жойлашган. Бу ёғи қишлоқдаги Толли ота зиёратгоҳининг ўзи ҳам неча минг йиллик ҳаёт шамига тилсиз гувоҳлик бериб турарди.

Отаси, 1898 йилда туғилган Нормурод Мўминов гоҳ қўшчилар уюшмаси, гоҳ ширкат, колхоз раиси бўлиб ишлаб, 1953 йилда нафақага чиқади. Онаси Хумор момо 5 нафар қизнинг орасидаги ёлғиз ўғлининг кўнглига қарайдиган меҳрибон ва муштипар аёл эди.

Уларнинг уйлари қиш кезлари гўё қадимги карвонсаройлар янглиғ катта меҳмонхонага айланар, ажабтовур гурунглар кечарди. Толли қишлоғининг боболари гурунгларда бу мазгилга Сўфи Оллоёрдек авлиёлар келиб-кетганлигини қувониб айтишарди. Туюсқундан мавзу уйрилиб, кушонлардан зардуштларга, Искандар Мақдунли қўшинларининг суронли юришлари, ундан ҳам олдинги баҳри уммонлар қақшаб, азим тоғлар ўсиб чиққан динозавру мамонтлар яшаган даврлар борасида ҳам сўз кетар, бу пайтда уйнинг бир бурчагида жимгина қулоқ солиб турган ёш Дўстназарнинг бола қалби “Балки, коинотнинг маркази Толли қишлоғи бўлса-чи”, дегандек тенгқурларининг хаёлига ҳам келмайдиган ғурурли фикрларга тўларди.

Албатта, хаёл суришга ҳар кимнинг ҳам ҳаққи бор ва бундай мулоҳазалардан осмон узилиб ерга тушмайди. Бундай ўй-хаёллар балки ўзи туғилиб ўсган ва яшаётган юртга нисбатан чексиз меҳр-муҳаббатнинг белгисидир.

Дўстназар Нормуродовнинг нурли таассуротларга тўла болалиги кейинчалик олий ўқув юртига боришга тараддудланганда тарих йўналишини танлашига сабаб бўлгандир. Нафақат ўшанда, балки кейинчалик Толли қишлоғидаги 14-мактабда директор бўлган чоғларида Далварзинтепада халқаро симпозиум ўтказилганда ташкилотчиларга беминнат кўмак бериб юрган пайтларида, япониялик машҳур Като Кюдзе билан дўстлашиб, таниқли археолог олим Баҳодир Турғунов билан қадим дунё тилсимлари мавзусидаги узундан узоқ суҳбатларида ҳам олимликка даъво эмас, балки азиз юртга чуқур меҳр барқ уриб турарди.

1965 йили Дўстназар Нормуродов Самарқанддаги университетни битириб, қишлоғидаги 14-мактабга ўқитувчи бўлиб ишга кирди. Ғайрат-шижоат билан ишлаганни барча қадрлар экан. Раҳбарлар ҳам, ҳамкасблари ҳам ёш ўқитувчининг билими ва меҳнатига тан беришди. Бир йилдан сўнг директор ўринбосари бўлиб, шу касбда 1980 йилгача ишлади. Сўнгра мактаб директори бўлди. Фахрий ёрлиқлар олди. Халқ маорифи аълочиси бўлди. Олий тоифали ижодкор ўқитувчи сифатида ўқимишли мақолалари билан матбуотда қатнашди. 1997 йилда пенсияга чиқди.

— Мактабда ишлаган пайтларимда 1100 нафар ўқувчини номма ном санаб бера олардим, - деб гурунг беради меҳнат фахрийси Д.Нормуродов. – Ўзимдан мамнун бўлган жойим, ўша пайтлардаги эски мактаб ўрнига Шароф Рашидов қабулига бориб, янги мактаб қурилишига эришганим. Ишлаганда ўзимизни аямай ишладик, бундан кўнглим хотиржам тортади. Шукрона айтаман. Болаларим ҳам илмга қизиқди. Гулчеҳра қизим — олий маълумотли врач, Тошкентда яшайди. Гулнора — педагогика институтини битирган. Бахтиёр ўғлим — Тошкент политехника институтини тамомлаган, инженер бўлиб ишлаяпти. Рустам — олий маълумотли врач, вилоят травмотология шифохонасида беморлар дардига малҳам қўймоқда. Моҳичеҳра қизим — Тошкентда яшаса, Ўктам ва Жасурлар — ёнимда, тадбиркорлик қилишмоқда. Барчалари уйлик-жойлик, кам-кўсти йўқ.

Албатта, дунёда армонсиз инсон бўлмайди.

Дўстназар Нормуродов шу қишлоқлик Жарқин Раҳимова билан турмуш қуриб, етти нафар фарзанд кўрдилар. Тотув оилада вояга етган 3 нафар қиз ва 4 нафар ўғил ота-онасининг қўлидан ишни олиб, жонига ора киришди. Бироқ фарзандлари вояга етиб, энди неваралар камолини кўрамиз, деб турган паллада Дўстназар Нормуродовлар оиласи оғир жудоликка учради, Жарқин момодан ажралиб қолишди. Бу, албатта, Дўстназар бобонинг белини анча букди. Бироқ, қобил фарзандлар ва келинларнинг ширин сўзи бобога далда бўлиб келмоқда. Айниқса, бобони кўргали келган 30 нафардан ортиқ невара-чеваранинг қийқириқларидан ҳовли тўйхонага айланиб кетади. Қувончи ичига сиғмаган Дўстназар бобо Яратганга шукроналар келтиради. Шундай тинч ва осуда юртни бошқараётганлар ҳақига дуо қилади.

Дўстмурод Нормуродов зиёли инсоннинг шарафли умр йўлини босиб ўтиб, бугунги кунда пенсияда қарилик гаштини сўраяпти.

Домла пенсияга чиққандан сўнг, ташвишлардан бироз қўли бўшаб, тарихий мавзуда асар ёзишга киришди. Китоб бўлганда ҳам ҳазилакам китоб эмас. С.Турсунов, Р.Ҳотамова, Н.Бобоназаровалар билан ҳаммуаллифликда ёзилган “Табиат, инсон, тафаккур” номли 290 бетли бу китоб 2020 йилда Тошкентдаги “Тафаккур” нашриётида чоп этилди.

Китобдаги Толли сойининг суви ширин Шакар кўли таърифи, қадимги Толли ота бозорининг Ипак йўли орқали Чин-Мочин-у, Миср ва Римга етиб борган ширин-шакар мевалари борасидаги маълумотлар кўпларга янгилик.

Асарда Кушон ва Бақтрия салтанати, Авестонинг яратилиши, зардуштийлар ҳаёти, Сурхондарё воҳасининг музлик даври, кайнозой ва мезазой эраларидаги, палеолит, кембрий, триас, ҳатто Юра давридаги мақомати борасида қимматли фикрлар билдирилган. Унча-мунча китобхоннинг тиши ўтиши ҳам даргумон, чунки муаллифлар мавзуни жуда олислардан белгилаган.

Булгаковнинг “Уста ва Маргарита”сида шоир Бездомний устадан китоби нима ҳақдалигини сўраганида “ёниб кетган қўлёзмалар” муаллифи “Понтий Пилат ҳақида!” деб жавоб берганида, ҳайратдан қотиб қолган шоир “Нима?!!” деб бақириб юборади.

Шундайин мен ҳам домла китоби нима ҳақдалигини айтганида, ҳайратдан кўзларим катта-катта очилиб кетди. Яъниким, Толли қишлоғининг мезозой давридаги ўрни, Ер юзидаги илк одамзод манзилгоҳлари Сурхондарёда эканлиги борасидаги мулоҳазалари, Сурхондарёга ҳам қадами етган Александр Македонскийнинг рафиқаси, онаси, ўғли ва уларнинг тақдири борасида гурунг бера бошлаган домлага анграйиб қараб қолдим.

Анграйганимнинг боиси, туғи баланд эрлар юрти аталмиш Сурхондарёнинг тарихи борасида мулоҳаза юритганимизда, нари борса Искандар давридан берманни эслаймиз кўпчилигимиз. Нарёғи билан қизиқадиганлар саноқли.

Қолаверса, Сурхоннинг қадим буюк тарихи ҳақида сўйлаганда кўпчилик Ртвеладзе билан Пугаченковаларнинг машҳур асарини келтиради. Ваҳоланки, агар хотирам панд бермаса, ўша асар ҳам кўпроқ санъат тарихидан ҳикоя қиларди.

Шундоқ бўлгандан сўнг бундай мавзуга жазм қилмоқлик, нима бўлганда ҳам, жуда мақтовга арзирли иш.

Яқинда интернетда қуйидаги маълумотни ўқиб қолдим:

“Сурхондарё вилоятида палеолит давридан то XX асргача бўлган даврни қамраб олган ва давлат рўйхатидан ўтган 561 та Сурхондарё вилояти маданият бошқармаси тасарруфидаги маданий мерос ёдгорликлари мавжуд. Мазкур 561та маданий мерос ёдгорликларининг 444таси археология, 36таси меъморчилик ва муқаддас қадамжолар, 39таси монументал ва санъат ёдгорликлари, 42таси диққатга сазовор жойлардир. 2020 йилда Сурхондарё вилоятига ташриф буюрган маҳаллий ва хорижлик 31,9 минг нафар саёҳатчининг аксарияти ушбу объектларга ташриф буюриб, келгусида ҳам ташриф буюриш истакларини билдиришган”.

Шуларни эътиборга олганда, бундай китоблар ҳали бизга жуда асқотади. Домланинг қўлида эса яна бир янги китобнинг қўлёзмаси тайёр турибди экан. Табаррук саксон ёшнинг остонасида ҳам ижодни сусайтирмаётган кекса муаллимни янги ғоялар билан табриклаб, “Ижодингизга барака, устоз!” дедик.

Қишлоғини яхши кўрган киши Ватанини севади. Дарёсига меҳр қўйган барча дарёларни қадрлайди. Шу маънода Дўстназар бобонинг она қишлоғи Толлига бўлган алдоқсиз меҳрини юксак ватанпарварлик деб баҳолагимиз келади. Яна мулоҳаза шуки, киндик қони томган тупроқни севган, таърифлашдан толмаган инсоннинг меҳнати беқадр қолмайди, авлодлар томонидан улуғланади.

Шу ўринда қачонлардир ўқиганим машҳур ёзувчи Сергей Довлатовнинг қуйидаги фикрлари ёдимга келди:

— Даҳоларнинг ҳам бошқа одамлар каби қўни-қўшнилари бўлади, албатта. Аммо, сиз «Менинг қўшним – даҳодир», деб айта оласизми?

— Ҳаммага равшанки, даҳоларда ҳам танишлар бўлиши табиий бир ҳол. Аммо «Менинг танишим – даҳо!» деган кишига ким ҳам ишонарди?!

Дўстназар бобо билан суҳбати боқи қилиб, қайтар эканман, мулоҳаза қилиб кетдим.

Элимизда қандай ажиб инсонлар, толмас зиёлилар бор. Кўриниши оддий ва сипо, улуғликни даъво қилмайдиган, билим излаган ва илм тарқатаётган шундай устозлар бор бўлсин.

 

Абдуғаффор ОДИНАЕВ,

журналист