Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дўстликнинг мусиқий насими
09:48 / 2022-10-13

Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан “Насими дўсти” деб номланган дўстлик концерт дастури бўлиб ўтди.

Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси залида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон ва тожикистонлик санъат усталари ўз мамлакатлари композиторлари ижодидан ёрқин намуналарни ижро этдилар. 

Юқори кайфият ва дўстона руҳият ҳукмронлик қилган ушбу концерт дастурининг мантиқий давоми эртага Ўзбекистон давлат консерваторияси Орган залида бўлиб ўтди. 

Икки дўст ва қардош мамлакат бастакорлари, умуман мусиқа соҳаси вакиллари ўртасидаги алоқалар кейинги йилларда янгича мазмун касб этмоқда. Ҳамкорликдаги концертлар, мусиқий оқшомлар бўлиб ўтмоқда. Атоқли композиторларимиз Рустам Абдуллаев, Ҳабибулло Раҳимов, Мустафо Бафоев ва бошқа мусиқа билимдонларининг асарлари Тожикистон театрларида, концерт залларида янграмоқда. Тожик санъат усталари мамлакатимиздаги халқаро мусиқа фестивалларида фаол қатнашмоқдалар. 

Шунингдек, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасида Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан учрашув ташкил этилди. 

Унда Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев ва Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти проректори Азизжон Зокиров, Тожикистон композиторлари уюшмаси раиси Амирбек Мусозода кейинги йилларда ижодкорларнинг кўпроқ ҳамкорлик қилиши учун барча шароитлар яратилганини таъкидлади. 

Ўзаро истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, таълим соҳасида, жумладан, кадрлар борасида кенг кўламли ҳамкорликни ўрнатиш, мусиқашунос ва бастакорлар ўртасида ахборот ва тажриба алмашувини йўлга қўйиш, ҳамкорликда фестиваль ва танловлар, илмий ва амалий конференциялар, семинар-тренинг ва маҳорат дарсларини ўтказиш, илмий ва оммабоп, ўқув-услубий ва илмий тадқиқот йўналишларидаги янги адабиётлар масаласида ҳам ҳамкорликни ривожлантириш каби мақсадларни ўзида акс эттирган меморандум имзоланди. 

Икки давлат ўртасидаги мазкур меморандумнинг имзоланиши Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Азиз Раҳмонзода ташаббуси билан ташкил этилганини ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз. 

Икки қардош халқ бастакорлари иштирокидаги бу каби маърифий лойиҳалар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади

Н.Усмонова, 
ЎзА