Сирдарё вилоятининг қўшни Тожикистон Республикаси билан чегарадош Ховос туманидаги Ховособод, Оқчангал, Шарқобод маҳаллаларида тинчлик, осойишталик ва миллатлараро тотувлик байрами кенг нишонланди.
Эрта тонгдан бошланган байрам сайилларига давлат ва нодавлат ташкилотлари қатори ховосликлар ҳам қизғин тайёргарлик кўрди. Миллий ўйинлар, спорт мусобақалари, китоблар кўргазмаси, расмлар чизиш танлови, турли миллатларнинг миллий таомлар кўргазмаси ва концерт дастурлари намойиш этилди.
–Туманда турли миллат ва элат вакилларидан иборат 101 минг нафар аҳоли истиқомат қилади, –дейди Ховос тумани нуронийлар жамғармаси раиси, "Дўстлик" ордени соҳиби Шербўта Пиримқулов. –Кўриб турганингиздек, улар бир-бирлари билан жуда яқин, қуда-анда бўлиб кетишган. Бундан ташқари, ҳар бир миллатнинг ўзига хос, ўзига мос фольклор жамоалари бор. Улар томонидан маҳаллаларда, турли тадбирларда куй-қўшиқлар ижро этилиб, миллий урф-одатлари тарғиб қилинади. Энг асосийси, Ховос туманининг Ховособод маҳалласида дўстлик ва ҳамжиҳатликни улуғловчи жуда катта тадбир ўтказиляпти. Бунинг ўзига яраша сабаби бор. Чунки, ушбу маҳаллада истиқомат қилаётган аҳолининг деярли 80 фоизини тожик миллатига мансуб аҳоли ташкил этади.
[gallery-22592]
Мазкур ўтказилган тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов ҳам иштирок этиб, нафақат ховосликларни, балки Сирдарёда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакилларини дўстлик ва ҳамжиҳатлик байрами билан қутлади.
Сардоба туманининг Қўрғонтепа, Янгиқишлоқ маҳаллаларида ҳам байрам тадбирлари бўлиб ўтди. Ховос туманининг Ховособод маҳалласидан фарқли ўлароқ Янгиқишлоқ аҳолисининг 70-80 фоизини қирғиз миллатига мансуб туб аҳоли ташкил этади.
— Мана бугун Ўзбекистон Республикасида бўлиб ўтаётган дўстлик, ҳамжиҳатликни улуғловчи байрам тадбирларида иштирок этаётганимдан беҳад хурсандман, – дейди "Қиргыз туусун" газетаси мухбири Барно Исмонова. – Чунки ўзбек билан қирғиз бир бири билан азалдан яқин дўст, қариндош бўлган. Буни урф-одатларимиздан ҳам билса бўлади. Бугун Сардоба туманининг Янгиқишлоқ маҳалласида ўтказилаётган дўстлик байрамини кўриб ўз қишлоғимда юргандек ўзимни бахтли ва бахтиёр ҳис этдим. Муҳими, кўзимга қувонч ёши келди. Бундай шароит, бундай имконият яратиб бераётган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдираман. Чунки икки мамлакатнинг тили бошқа бўлгани билан урф-одати, маданияти, энг асосийси суви, осмони, бозори бир.
– Бугун ўтказилаётган байрам тадбирида қирғиз, ўзбек, тожик, рус, татар, қозоқ, корейс ва бошқа миллат вакиллари ўзларининг миллий кийими, урф-одатлари, миллий таомлари билан қатнашяпти,– дейди Қирғиз миллий маданий маркази аъзоси, меҳнат фахрийси Усмон Раҳмонов.– Қирғиз бўлсам-да, қудаларим ўзбек. Улар билан яқин қариндошдек бўлиб кетганмиз. Юртимиздаги тинчлик, осрйишталикка кўз тегмасин. Дўстлигимиз абадий бўлсин.
Пойтахт ва вилоятдан ташриф буюрган санъат усталарининг ватанни, юртни, дўстликни улуғловчи куй-қўшиқлари “Дўстлик ва ҳамжиҳатлик улуғланган юрт” шиори остида ўтказилган дўстлик байрамига ўзгача шукуҳ бағишлади.
Ғулом ПРИМОВ,
Шаҳриёр ОРТИҚБОЕВ (сурат-видео)
ЎзА мухбирлари