Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дўстлик уфқида: Ўзбекистон ва Тожикистон стратегик шерик, ишончли иттифоқчи
13:06 / 2024-06-02

“Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари дўстлиги узоқ тарихга эга. Қадим-қадимдан бу икки эл тинчлик, яқин қўшничилик муҳитида яшаб келмоқда”. Тожикистонлик шоир, ёзувчи, журналист ва таржимон Сулаймон Эрматов мамлакатнинг етакчи “Ховар” агентлигига берган интервьюсида давлатларимиз муносабатига шундай таъриф берди.

Унинг қўшимча қилишича, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик кейинги йилларда давлат раҳбарларининг узоққа мўлжалланган ташаббуслари  ва сиёсий иродаси туфайли ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ мустаҳкамланиб, ривожланишнинг янги босқичига, стратегик шерикликнинг юқори даражасига чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 18-19 апрель кунлари Тожикистон пойтахти Душанбега давлат ташрифи кўп қиррали муносабатлар ривожида янги саҳифа очди.

Мазкур ташриф доирасида турли йўналишда ҳамкорлик бўйича 28 битим имзоланди. Ишонч билан айтиш мумкинки, Сулаймон Эрматов қўшимча қилганидек, янги ҳужжатлар кенг қамровли, режали шерикликнинг турли йўналишлари ҳуқуқий базасини сезиларли равишда мустаҳкамлайди. Ўзбекистон ва Тожикистон стратегик шерик, ишончли иттифоқчиси. Ўзаро муносабат дўстликнинг узилмас ипи, яқин қўшничилик, бир-бири манфаатига ҳурмат асосига қурилган.

Сулаймон Эрматов таъкидлашича, икки давлат яқин муносабатини таъминлашда Тожикистон ва Ўзбекистон савдо-иқтисодий ҳамкорлиги бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссиянинг ўрни алоҳида. Рақамли иқтисодиёт, технологик тадқиқот, электрон тижорат, замонавий саноат хизмати соҳасидаги ҳамкорлик янги, истиқболли йўналишлар сифатида қаралмоқда. Келгусида товар айирбошлаш миқдорини 2 миллиард долларга етказиш имкони мавжудлиги таъкидланган. Зарафшон дарёси соҳилида иккита Иссиқлик электр станцияси қуриш учун акциядорлик жамияти ташкил этилган. Бугунги кунда икки давлат ҳудудида 400 га яқин қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Ҳудудлар аро ҳамкорликни, маданий-гуманитар алоқани кенгайтириш, икки давлат фуқаролари учун квота тақсимлаш, ўқув қўлланмаларини биргаликда нашр этиш муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон етакчисининг Тожикистон Республикасига давлат ташрифи доирасида Душанбедаги “ЭКСПО” марказида мамлакатимиз саноат маҳсулотлари кўргазмаси ташкли қилинди, Тожикистон ва Ўзбекистон тадбиркорлари форуми ўтказилди. Бундай тадбирлар икки давлат ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, иқтисодиёт, савдо-сотиқ соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Икки дўст давлат раҳбарлари Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси янги биноси очилишида иштирок этди. Бу ҳам давлатларимизнинг кўп томонлама ҳамкорлиги мустаҳкамланиб бораётгани тасдиғидир.

Тожиклар айтади: “ҳовли олма, қўшни ол”. Бинобарин, бу икки халқ яқин қўшни бўлгани учун бугун ҳам, эртага ҳам, келгусида ҳам бир-бирига ёрдам қўлини чўзиб яшайди.

Саидмурод Раҳимов тайёрлади.

ЎзА