Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дўстлик, ҳамжиҳатлик – олий саодат
10:54 / 2022-07-30

30 июль – Халқлар дўстлиги куни

2021 йилдан буён Ўзбекистонда 30 июль – Халқлар дўстлиги куни сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. 

Маълумот учун айтиш керакки, БМТ Бош Ассамблеяси 2011 йилда қабул қилган резолюцияда халқлар, давлатлар, маданиятлар ва инсонлар ўртасидаги дўстлик, тинчликни таъминлаш билан боғлиқ ҳаракатларга илҳомлантириш ҳамда маданий хилма-хилликни ҳурмат қиладиган жамиятлар ўртасида кўприклар ўрнатиш мақсадида 30 июль – Халқаро дўстлик куни (International Day of Friendship)  сифатида белгиланган. 

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари, 16 та диний конфессия аъзолари истиқомат қилади. Шунингдек, юртимизда кўплаб миллий маданий марказ фаолият юритмоқда. 

Мамлакатимиз умумтаълим мактабларида ўқитиш етти тилда олиб борилади. Бир неча тилларда оммавий ахборот воситалари чоп этилади. Миллий маданият марказлари фаолиятини такомиллаштириш, замон талабига мос ишлаши учун шароитлар яратишга катта эътибор қаратилмоқда. 

Азалдан бағрикенглик, ҳамжиҳатлик, дўстлик, иноқлик ўзбек халқининг миллий фазилатида устувор ўрин эгаллайди. Кўплаб турли миллат вакиллари учун жонажон Ўзбекистон ўз табаррук Ватани бўлиб келган. Миллатидан қатъи назар, миллионлаб ҳамюртларимиз ўз тақдири, умри, бахти, фарзандлари камолотни шу азиз диёр билан уйғун кўрган!  

Мамлакатимизда 30 июль – Халқлар дўстлиги куни арафасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқлар дўстлиги куни муносабати билан бир гуруҳ фаолларни мукофотлаш тўғрисида”ги фармонининг қабул қилингани юртимизда миллатидан қатъи назар, ҳалол меҳнат қилган ҳар бир фуқаронинг интилишлари доимий эътиборда эканини яна бир бор кўрсатмоқда. 

...Кунлар шиддат билан ўтмоқда. Ислоҳотлар ортга қайтмас тус олди. Муаммолар ҳам йўқ эмас. Тинч, хотиржам, аҳиллик ва ҳамжиҳатликда ўтган ҳар бир кун олий неъмат экани тобора теранроқ аён бўлиб бормоқда. Маҳалла-кўй, таълим-тарбия масканлари, меҳнат жамоатларида турли миллат вакиллари бўлиши биз учун оддий ҳол, кундалик ҳаёт тарзди. Ҳа, биз дўстликни қадрига етадиган, уни кўз қорачиғидек асрайдиган шундай халқмиз! 

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири