Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дўстлик фестивали ўтказилди
10:48 / 2025-11-06

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остида “Биз – бир оила фарзандларимиз!” мавзусида дўстлик фестивали бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари, институтда таҳсил олаётган турли миллат вакиллари бўлган талаба-ёшлар иштирок этишди.

Фестиваль иштирокчилари дастлаб Ажиниёз музейида бўлиб, у ердаги экспонатлар билан танишди. Меҳмонлар бу ерда буюк сўз заргарининг ҳаёти ва ижоди, шунингдек, институт тарихи бўйича қимматли маълумотларга эга бўлишди.

Шунингдек, фестиваль доирасида институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Қувондиқ Қодиров раҳбарлигида “Жаҳолатга қарши – маърифат билан” ғояси асосида маънавий-маърифий суҳбат ташкил этилди. Унда халқлар ўртасидаги тотувлик, бағрикенглик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг жамиятдаги тутган ўрни ҳақида сўз юритилди.

Сўзга чиққанлар кўп миллатли мамлакатимизда халқлар ўртасидаги дўстлик, тинчлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири эканлигини таъкидлади.

Тадбир институтнинг “Тўмарис” халқ ансамбли аъзолари ва иқтидорли ёшлар ижросидаги концерт дастури билан давом этди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА