Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Дўстлик фестивали” доирасида тадбирлар ўтказилмоқда
10:09 / 2022-08-04

Навоий шаҳрида “Дўстлик фестивали” доирасида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” мавзусида амалий санъат кўргазмаси ташкил этилди.

Унда вилоятдаги миллий маданий марказлар томонидан урф-одатлар ва анъаналарни акс эттирувчи миллий либослар, марказлар қошида ташкил этилган тўгаракларда амалга оширилган ишлар, ёшларнинг ижод намуналаридан иборат санъат асарлари намойиш этилди.

Кўп миллатли Навоий вилояти – халқлар дўстлигининг ёрқин ифодасидир. Бу ҳудудда ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ, тожик, рус, корейс ва кўплаб бошқа миллат вакиллари бир оила аъзоларидек яшаб келмоқда. Вилоятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, ўзаро дўстликни мустаҳкамлаш мақсадида 7 та миллий маданий марказ фаолият юритмоқда. Мактабларда ўқитиш 7 тилда йўлга қўйилган.

Бугун уларнинг урф-одатлари, яшаш тарзи бир. Улар бир-бири билан қуда-анда, қариндош бўлиб кетган. Яхши-ёмон кунда бир-бирига елкадош ва кўмакдош. Улар юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб, давлат бошқаруви органлари ҳамда иқтисодиётнинг турли тармоқларида, илм-фан ва маданият соҳаларида самарали меҳнат қилиб келмоқда.

[gallery-8143]

– Бугунги кунда вилоятимизда 40 минг нафардан зиёд қозоқ миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилиб келмоқда, – дейди “Дўстлик” ордени соҳиби, қозоқ миллий маданий маркази раҳбари Турехан Наринбетов. – Бошқа миллат вакиллари сингари уларга ҳам яшаб меҳнат ва ижод қилишлари, фаолият олиб боришлари учун барча шароитлар яратиб берилган. Бугунги маъданий-маърифий тадбирда марказимиз жамоаси билан фаол иштирок этмоқдамиз. Тадбирда қозоқ миллати урф-одатлари ва қадриятларини акс эттирувчи либослар кўргазмаси ташкил этдик. Турли миллатлар вакиллари билан биргаликда куй-қўшиқлар ижро этиб, рақсларга тушдик.

Президентимизнинг “30 июль - Халқлар дўстлиги куни” муносабати билан йўллаган табригида таъкидланганидек, “Барчамиз учун Ватан битта. Биз – Ўзбекистон деган жаннатмакон юртнинг фарзандларимиз. Бизнинг – шу табаррук заминда яшаётган ҳар бир миллат вакилларининг ўтмишимиз ҳам, бугунги тақдиримиз ва келажагимиз ҳам бир. Бизни улуғ ва муштарак мақсад бирлаштиради. У ҳам бўлса, юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигидир”.

Тадбирда турли миллат вакиллари томонидан тайёрланган “Ўзбекистон - умумий уйимиз” деб номаланган концерт дастури намойиш этилди.

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА