Қорақалоғистон Республикаси Элликқалъа туманида бошланган “Ўзбекистон - ягона Ватан!” шиори остида бошланган Дўстлик фестивали Нукус шаҳрида давом этди.
Тадбир доирасида миллий-маданий марказлар томонидан тайёрланган миллий либослар, ҳунармандчилик буюмлари ва адабиётлар кўргазмаси, шунингдек, маҳаллий саноат корхоналари, кластерлар ва фермер хўжаликлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намойиши ўтказилди.
Тантанали тадбирда Нукус шаҳар ҳокими А.Данияров сўзга чиқиб, Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда халқлар ўртасида дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, айниқса, Қорақалпоғистондаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Байрам муносабати билан давлатимиз раҳбарининг йўллаган табригини юртдошларимиз катта хурсандчилик билан кутиб олишди.
[gallery-24547]
Дарҳақиқат, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган миллий-маданий марказлар, дўстлик жамиятлари ва хориждаги ватандошлар жамоат бирлашмалари давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда юртимизда дўстлик ва бағрикенглик муҳити, миллий ва умумбашарий қадриятлар уйғунлигини мустаҳкамлаш, чет эллар билан маданий-маърифий алоқалар, халқ дипломатиясини ҳар томонлама ривожлантириш бўйича кўплаб ижобий натижаларга эришмоқда.
Биз ўзининг ҳалол меҳнати, ватанпарварлик фазилатлари билан республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини оширишга беқиёс ҳисса қўшиб келаётган турли миллатга мансуб юртдошларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз.
Тадбирда юртимиздаги таниқли маданият ва санъат намоёндалари томонидан она Ватан, унинг мустақиллиги ва халқлар дўстлигини тараннум этувчи концерт дастури намойиш этилди.
Дўстлик фестивали Тахтакўпир туманидаги “Қоратеран” туристик мажмуасида Оролбўйида фаолият олиб бораётган миллий-маданий марказларнинг “Ўзбекистон - ягона Ватан!” шиори остидаги кўргазмалари билан давом этади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА