French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Дўстлик” дастурга тушган, лекин муаммолар бор
20:00 / 2021-05-30

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.Кўчимов Самарқанд шаҳар “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул ўтказди.

Дастлаб, А.Кўчимов мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари, шаҳар ва қишлоқларимизда олиб борилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари, Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллигига кўрилаётган ҳозирлик ҳақида тўхталиб ўтди. Президентимиз илгари сурган “Халқ давлат органларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил бугун ҳар бир раҳбар фаолиятининг асосий мезонига айлангани қайд этилди.

Самарқанд шаҳрининг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланган “Дўстлик” маҳалласида жорий йилда “Обод маҳалла” дастури асосида қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Аммо маҳалла фаоллари дастурда белгиланган юмушларни бажариш учун маблағ ажратиш ва ишларни сифатли бажаришда муаммолар юзага келаётганини қайд этди. 

Ички йўлларни таъмирлаш, айрим кўчаларда ичимлик суви тармоғи тортиш ишлари дастурга киритилмагани айтилди. Шаҳар ҳудуди бўлсада интернет тармоғи тортилмаган.

Маҳалла фаоли Матлуба Болтаева 2018 йилда оғир хасталикдан кейин иккинчи гуруҳ ногирони бўлиб қолганлигини маълум қилиб, айни пайтда кўкрак саратонидан кейинги саломатлигини тиклаш учун кунлик дори-дармон масаласида иқтисодий муаммолардан қийналаётганлигини айтиб, ёрдам сўради.

32-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Дилдора Мирзаева эса мактаб ўқувчилари ўртасида бадиий ижодга қизиқиши юқорилиги, аммо ижодий ишларини газета-журналларда ёритиш, уларга йўл-йўриқ кўрсатишдаги муаммоларда ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Меҳнат фахрийси Ўктам Қаршиев ёшлар таълим-тарбияси самарадорлигини оширишда маҳаллаларда зиёлилар, жамиятда ўз ўрнини топган инсонлар билан учрашувлар ўтказиш, уларнинг ҳаёти, фаолиятини йигит-қизларга ибрат қилиб кўрсатиш кераклигини қайд этди.

Сайёр қабул давомида маҳалла фуқаролари томонидан ўндан ортиқ мурожаатлар билдирилди. А.Кўчимов ҳар бир масалага тегишли идоралар билан биргаликда ечим топилишини маълум қилди.

Шунингдек, сайёр қабул доирасида маҳалла ёшлари билан учрашув ўтказилди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов(сурат), ЎзА