Ўтган ойнинг бошларида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган “Дўстлик насими” номли адабий учрашувда ўзбек ва тожик адиблари навбатма-навбат дўстлик, қардошлик, янги қўшничиликни тараннум этиб, адабиёт мухлисларига бир олам таассурот бағишладилар. Ғазаллар ортидан қўшиқлар янгради.
Кўз олдимизда абадий дўстлигимизга мустаҳкам пойдевор қўйган икки буюк сиймо – Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийнинг беназир дўстлигию устоз-шогирдлик муносабатлари гавдаланди. Анжуман ниҳоясида Ўзбекистонда яшаб ижод қилаётган тўрт нафар тожикзабон адибга Тожикистон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзолик гувоҳномалари топширилди. Бундан бироз олдинроқ тожикистонлик ўзбекзабон қаламкашлардан Жамшид Примов ва Ўринбой Усмонов Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига қабул қилинганди. Тадбир иштирокчилари яқинда Самарқанд шаҳрида тожик тилидаги “Дурдонаи Шарқ” адабий-бадиий журналининг илк сони чоп этилганини адабий ҳаётимизда муҳим воқеа, деб баҳоладилар.
Бу ердаги ажойиб дўстона муҳит бироздан сўнг Ўзбекистон Миллий матбуот марказига кўчди. Бу ерда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Тожикистон Журналистлари иттифоқи ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Икки қардош мамлакат қалам аҳли бугунги кунда Президентлар – Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон ташаббуслари билан йўлга қўйилган янги қўшничилик тамойилларини халқларимиз ўртасида кенг тарғиб қилиб, аждодлар анъаналарини янги мазмун-моҳият билан бойитиш борасида масъул эканликлари қайта-қайта таъкидлаб ўтилди.
Ҳа, бугунги замонда яхшни қўшничилик, иқтисодий-маданий ҳамкорлик, интеграция жараёнлари тараққиёт ва барқарорликнинг энг муҳим омилларидан эканлиги ҳеч кимга сир эмас.
Ҳолбуки, ўзбек ва тожик халқлари нафақат қўшни, балки асрлар давомида қондошу қардош бўлиб, бир булоқдан сув ичиб, бир ҳаводан нафас олиб, ягона осмон остида бунёдкорлик ишлари билан шуғулланиб келган, яхши-ю ёмон кунларда елкама-елка туриб, қийинчиликларни енгиб ўтган. Бунга тарих гувоҳ! Қолаверса, руҳиятимиз, маънавиятимиз жуда яқин. Шарқ адабиётининг ноёб дурдоналари ворисимиз, бетакрор Шашмақомимиз бор.
Ҳа, дарвоқе, Президентимиз ўтган йили Хўжанд шаҳрида зиёлилар билан учрашувда илгари сурган Мавлоно Жомий ва Ҳазрат Навоий дўстлигига оид бадиий фильмни суратга олиш ғояси амалга ошмоқда. Фильмнинг якуни яқинда тасдиқланди.
Бундан тўрт йил олдин, аниқроғи, 2018 йилнинг 9-10 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Душанбе шаҳрига ташриф буюрган эди. Икки мамлакат раҳбарлари халқларимиз манфаатлари йўлида хизмат қиладиган, яқин келажак учун кўп қиррали ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтара оладиган 30 га яқин муҳим ҳужжатни имзолаганди. Мазкур саналар Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари тарихида янги саҳифалар очди ва бу воқеа тарих солномасида зарҳал ҳарфлар билан қайд этилди.
Мана, орадан тўрт йилдан зиёд вақт ўтди. Икки мамлакат дўстлик ришталари билан боғлиқ, ҳатто айтиш мумкин, тақдиримизни белгиловчи кўплаб қувончли воқеалар рўй берди, уларнинг сон-саноғи йўқ. Уларни таърифлаш, тавсифлашга тилимиз ожиз. Қайси соҳани тилга олманг дўстлик алоқалари, ҳамкорлигимизнинг фараҳбахш маҳсулини ўзида ифода этган жиҳатларни кўрамиз. Чегараларимиз юрагимиз каби бир-биримизга очилди, йўлларимиз, дарвозаларимиз ҳамиша очиқ. Инсонларнинг мамнунлигини, розилигини кўриб, ҳаёт нақадар шодликларга бой бўлиши мумкинлигига ишонч ҳосил қиласиз.
Шахсан ўзим туғилган – Истаравшан шаҳрига 180 километр масофани босиб ўтишни қарийб 20 йил кутдим. Душанбе шаҳридаги ургутлик юртдошларимиз ёки Хатлон вилоятидаги минглаб асли водийликлар авлодлари ҳам бу тарихий кунларни кўп-кўп интизор бўлиб кутган. Бу кунлар тарихда қолди.
Куни кеча оммавий ахборот воситаларида ажойиб рақамлар эълон қилинди: Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги товар айирбошлаш сўнгги олти йилда 37 баробар кўпайган. 2022 йилнинг биринчи тўрт ойида бу кўрсаткич 173,6 миллион долларни ташкил этган. Бу 2021 йилнинг шу даври билан солиштирганда 30,4 фоиз кўп.
Маданий ҳаётимиздаги муваффақиятларнинг сон-саноғи йўқ. Бу соҳада ҳам дўстлик дарахтининг тотли меваларидан баҳраманд бўлмоқдамиз. "– Биз ўзбек ва тожик халқлари ўртасида дўстлик кўпригини мустаҳкамлаш бўйича астойдил ҳаракат бошладик, – деган эди Президентимиз тўрт йил илгари. – Ниятимиз ёр бўлиб, эзгу мақсадларимизга эришамиз, иншооллоҳ. Биз дўстлик ва инсонийлик нуқтаи назаридан қўшниларимиз билан, аввало, Тожикистон билан ҳамиша дўст ва биродар, ҳамкор ва ҳамжиҳат бўламиз”. Тарихнинг кейинги тўрт-беш йили бу сўзлар ҳақиқатга, ҳаққониятга айланганини исботлади. Бу кунларимизга кўз тегмасин.
Шоқаҳҳор САЛИМОВ.
ЎзА