Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дўстлик байрами турли миллат ёшларини бирлаштирди
21:17 / 2023-05-15

Андижон шаҳридаги Экопаркда “Ёшларнинг дўстлик байрами” деб номланган тадбир бўлиб ўтди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Андижон вилоятидаги “Hamroh” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда Қирғизистон, Тожикистон давлатларидаги қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Марказий Осиёда тинчлик ва бағрикенглик учун кўп томонлама трансчегаравий мулоқот” халқаро лойиҳаси доирасида ўтказилган мазкур тадбирда Ўзбекистон, Қирғизистон ва тожикистонлик ёшлар, давлат, нодавлат ташкилотлари, миллий маданият марказлари вилоят бўлимлари мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.  

Тадбир очилишида сўз олган Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Андижон вилоят бўлими раҳбари Адҳамжон Узоқжонов, Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди раҳбари Зардуна Исмоилова, Қирғиз миллий маданият маркази вилоят бўлими раиси Обиджон Носиров ва бошқалар томонидан кейинги йилларда мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги, ёшларга, уларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имкониятлар эшиги очиб берилаётганлиги, хусусан, юртимиз ёшлари халқаро лойиҳалар, танловлар, илмий анжуманлар, спорт мусобақаларида ҳам фаол иштирок этиб келаётганликлари алоҳида таъкидланди.  

– Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Ўзбекистоннинг Фарғона водийси вилоятлари ёшлари иштирокидаги халқаро лойиҳа доирасидаги “Ёшларнинг дўстлик байрами” ни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад Марказий Осиёнинг қўшни давлатлари ёшлари ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш кўзда тутилган, – дейди “Hamroh” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Гулнорахон Юлдашева. – Яъни лойиҳа турли давлат, миллат ёшларининг аҳиллигини, ҳамжиҳатлигини, ўзаро дўстона муносабатларини мустаҳкамлашга, уларга ўзаро фикрлашиш, тажриба алмашиши учун мулоқот майдонини яратиб беради.  

[gallery-11879]

“Ёшларнинг дўстлик байрами” тадбири доирасида андижонлик ҳунарманд ёшлар томонидан тайёрланган ҳунармандчилик маҳсулотлари, миллий либослар, ўзбек, қирғиз ва тожик миллий таомлари кўргазмалари намойиш этилди.  

Шундан сўнг Қирғизистон ва тожикистонлик ёшлар томонидан танишув тақдимотлари ўтказилди. Тақдимотдан сўнг ўзбек, қирғиз ва тожик ёшлари ўртасида мулоқот бўлиб ўтди. Мулоқотда қўшни давлатлар ёшлари ўртасидаги дўстлик, спорт, санъат, илм-фан ва бошқа йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ҳар уч давлат ёшлари ҳамкорлигида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.  

– Ўзбекистонга келиб, ўзбек ёшлари томонидан олиб борилаётган ишлар, улар эришаётган ютуқлар билан танишдим, – дейди қирғизистонлик тадбир иштирокчиси Адила Шекеева. – Энг асосийси, янги-янги дўстлар орттирдим. Очиғи, Ўзбекистонда ҳукумат томонидан ёшларга кўрсатилаётган эътибор, яратиб берилаётган кенг имкониятларга ҳавасим келди. Ишонаманки, бундан кейин Ўзбекистон ва Қирғизистон ёшлари ўртасидаги ҳамкорлик кўлами янада кенгаяди.  

Ёшлар бадиий жамоалари, санъаткорлар томонидан намойиш этилган концерт дастури, ўзбек, қирғиз ва тожик тилларида янграган куй-қўшиқлар иштирокчи ҳамда меҳмонларда унутилмас таассуротлар қолдирди.

Қўшни давлатлар ёшлари Андижоннинг диққатга сазовор жойлари билан танишди.  

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА