Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дўстлик, аҳиллик эъзозланган юрт
12:19 / 2024-07-30

30 июль – Халқлар дўстлиги куни

Давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида мамлакатимизда 30 июль – Халқлар дўстлиги куни сифатида кенг нишонланмоқда. Дўстлик фестивали доирасида пойтахтимизда “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишонини тантанали топширишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.   

Мазкур тадбирга Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси мутасаддилари, миллий маданий марказлар фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари, ижодкор зиёлилар таклиф этилди.   

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Халқлар дўстлиги куни муносабати билан табригини Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.   

Табрикда таъкидланганидек, янги Ўзбекистонни барпо этишда миллатлараро дўстлик ва аҳиллик, ҳамжиҳатликни таъминлаш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда.   

[gallery-18500]

Дарҳақиқат, мамлакатимизда азалдан дўстлик, биродарлик, аҳиллик  олий қадрият сифатида эъзозланган. Бугун янгиланаётган Ўзбекистонимиз ривожига ҳисса қўшишда турли миллат ва элат вакилларининг ягона, аҳил оила фарзандларидек меҳнат қилаётгани, фидойилик кўрсатаётгани эътиборга молик.   

Тантанали тадбирда сана муносабати билан бир гуруҳ ҳамюртларимизга “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишонини Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов топширди.   

–Ўзбекистондек бағрикенг, меҳридарё диёр ер куррасининг ҳеч қайси жойида йўқ, – деди Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияснинг “Дўстлик” студияси катта муҳаррири Замира Жиянова. – Шу заминда ўсиб, улғайдим, оила қурдим. Мен ўзимни доим ўзбек деб ҳис этаман. Чунки Ўзбекистонимизда миллат ажратиш деган тушунчанинг ўзи йўқ. Ўзбекистон фуқароси эканимдан, шу табаррук диёрнинг фарзанди эканимдан беҳад фахрланаман. “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони мамлакатимизда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасидаги ишларга ўз ҳиссамизни  қўшишга янада кўпроқ руҳлантиради.   

– Барча миллат ва элат қатори туркман диаспорасининг ҳам ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда, – деди Республика туркман миллий маданий марказининг Сурхондарё вилояти бўлими раҳбари Эргаш Авазов. – 2016 йилдан буён мамлакатимиздаги барча миллий маданий марказлар фаолиятига катта эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Бизнинг марказимиз учун ҳам алоҳида хоналар ажратилиб, самарали меҳнат қилишимиз учун зарур барча имкониятлар яратилди. Миллий маданий марказлар ишини амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун давлатимиз томонидан грантлар, субсидиялар ажратилмоқда. Буларнинг бари янада самарали ишлашга ундайди.   

Мукофотланганлар мамлакатимизда осойишталик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасидаги эзгу ташаббуслар учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.   

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов иштирок этди.   

Назокат Усмонова,

Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА