Хоразм вилоятида жойлашган Шимоли-ғарбий ҳарбий округ тасарруфидаги “Янгиариқ” умумқўшин полигонида “Дўстлик – 2022” учинчи ҳамкорликдаги ўқуви олдидан ҳиндистонлик ҳарбийлар полигон инфратузилмаси билан танишиб, ташкил этилган ўқув нуқталарида ўзбекистонлик ҳамкасблари билан машғулотларда қатнашди.
Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.
Дастлаб иштирокчилар Мудофаа вазирлиги бўлинмаларини чўл шароитида тайёрлаш маркази ва унинг ўқув объектлари билан яқиндан танишди. Ҳарбий топография, разведка, отиш ва тиббий тайёргарликлар, шунингдек, яшовчанликни ошириш хоналаридан иборат ўқув биноси, кўргазмали экспонатларга эга ҳамда амалий машғулотларни олиб боришга мўлжалланган экстремал шароитларда яшовчанликни таъминлаш шаҳарчаси бўйлаб саёҳат уларда катта қизиқиш уйғотди.
Таъкидлаш жоизки, амалий машғулотларни ўтказишга мўлжалланган ушбу шаҳарчада саҳрода олов топиш, сув топиш ва тозалаш ҳамда захирасини яратиш, ов қилиш ва озиқ-овқат захирасини ғамлаш, овқат тайёрлаш, тиббий ёрдам кўрсатиш, ҳудудда бўлинмаларнинг жойлашуви учун пана жойларини жиҳозлаш ҳамда ниқоблаш, кузатув ишларини олиб бориш каби ўқув жойлари барпо этилган. Барча объектлар ҳудуддаги мавжуд бўлган маҳаллий предмет ва ўсимликлардан қўлбола усулда ясалишига, жойга мос ҳолда ниқобланишига алоҳида эътибор қаратилган.
Шундан кейин Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳарбийлари ҳаво ҳужумидан мудофаа, муҳандислик, алоқа тайёргарликлари ҳамда радиацион, кимёвий ва биологик қуроллардан муҳофаза шаҳарчаларида яратилган ўқув нуқталарида замонавий қурол-аслаҳа ҳамда жанговар техникалар ва улардан фойдаланиш бўйича маълумотларга эга бўлди.
Шартли ярадорларни жанг майдонидан олиб чиқиш, ўқотар қуроллардан самарали ўқ отишни ўргатиш, оптик ва механик мўлжалга олиш мосламаларини ҳозирлаш ва тўғри мўлжалга олишга тайёрлаш, қуролларни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш бўйича ташкил этилган ўқув нуқталари меҳмонларда қизиқиш уйғотди.
Пичоқ санчишни ўргатишга мўлжалланган ўқув нуқтаси ҳақиқий мусобақа майдонига айланди. Меҳмонлар ва мезбонлар ўзаро тажриба алмашиш асносида бу машғулотни янада мукаммал ўрганиш, янгича отиш услубларини қидиришга интилди.
Ўқотар қуроллардан амалий ўқ отиш жойида меҳмон давлат вакиллари пистолет, автомат ва мерганлик милтиғидан амалда ўқ отиш машқларини бажарди.
ЎзА