English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дўстлигимиз абадий бўлсин (+видео)
23:02 / 2026-02-28

Рўзаи рамазоннинг илоҳий фазилатларидан бири у одамлар орасидаги меҳр-мурувватни мустаҳкамлайди.

Аҳли ислом, у қайси миллатдан бўлмасин, Рамазон шарофатидан гиналарни унутади, бир-бирига дўстлик қўлини чўзади. Яратганга шукрларким, Ўзбекистон сўнгги йилларда очиқлик сиёсатини танлади. 

Қўни- қўшни мамлакатларгагина эмас, дунёга эшикларини очди. Шу кунларда чегаранинг икки томонида яшовчи ўзбек ва қирғиз биродарлар Рамазоннинг шукуҳли кунлари бир-бирларини яна бир бор йўқлаяптилар. Бу гал Боткен вилояти, Қадамжой тумани Кўкдала айилидан келган меҳмонларни Фарғона туманининг Бўстон маҳалласида эски оға-инилардек самимий кутиб олдилар. Ҳол - аҳвол сўрашиб, биргаликда ифторлик дастурхонига ўтирдилар. 

–Толибжон билан дўстмиз. У ифторлик қилиб чақирган экан, келдик, – дейди Боткен вилояти, Қадамжой райони Кўкдала айилидан бўлган меҳмон Орифжон ота Турғунов. – Ўзбек, қирғиз, тожик ифторликда аралаш ўтириб мазза қилиб суҳбатлашдик. Илгари тўйга ҳам, азага ҳам телеграмма бўлсагина чегарадан қўяр эди. Мана, ҳозир худога шукрлар бўлсин, ҳеч қандай муаммо йўқ. Ўзбекистон жуда тўғри сиёсат олиб боряпти.

Шавкат Мирзиёев Президент бўлгач биринчи қўшнилар билан муомалани яхшилади. Фарғона туманиниг Бўстон маҳалласида ўзбеклар билан қирғиз ва тожик миллатига мансуб аҳоли туғишгандек аҳил яшайди. Бугун эса Толибжон хонадони ифтор дастурхонига эски дўстлар тўпланди. Ўзбекистоннинг Бўстон маҳалласи ва Қирғизистоннинг Кўкдала айили оралиғи аслида яқин бўлсада, бугун улар икки давлат ҳудуди ҳисобланади. Аммо халқлар дўстлиги абадийдир. –Ўзбеклар ва қирғизлар азалдан ака-ука, дўст-биродар, қуда-анда эди. Муносабатларимиз аҳил бўлган. У бундан буён хам бардавом бўлишини истаймиз, – дейди меҳмонларнинг яна бири Мирзабек Исмоилов. Дастурхон атрофида эътиқод ва дунёвий ишлар бирлиги ҳақида фикр алмашдилар. Икки давлат етакчиларини дуо қилдилар. 

–Садир Жапаров Президент бўлгач биринчи галда Ўзбекистонга борди. Қайтиб келгач айтдики, мен уялдим, Ўзбекистонда машина, ҳатто самолёт заводларигача бор экан, деб. У Мирзиёевдан кўп нарсани ўрганди ва уни Қирғизистонда ҳам амалга оширяпти. Икки Президент иттифоқчилигига кўз тегмасин. Дўст бўлиб ҳар доим ҳамкорликда ишлайверишсин, – деди Орифжон ота Турғунов дуога қўл очиб. Азон айтилгач ўзбек, қирғиз, тожик қўни-қўшни, қавм-қариндош ва биродарлар бир саф бўлиб намоз ўқидилар. 

Унинг ҳузуридан илҳомланиб юртларимизга равнақ, халқларимизга фаровонлик тиладилар. –Жонажон юртимизда юздан зиёд миллат вакиллари истиқомат қилсада, улар хох христиан, хоҳ буддист ёки насроний, биз аҳил- иноқ яшаб келяпмиз, – дейди “Дамкўл” жоме масжиди имом-хатиби Ҳамидулло Аҳмадалиев. – Бирон марта ҳам ўртага нифоқ тушгани йўқ. Бу давлатимиз раҳбарининг бағрикенглик сиёсати туфайли эканини халқимиз билади ва унинг бардавомлигини истайди. 

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/6VFRULp-iJs" title="Do`stligimiz abadiy bo`lsin" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муҳаммаджон Обидов,

Элёр Олимов(видео, сурат), ЎзА