Кўчат экиб, боғ яратиш ишлари шу кунларда авж олган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг «Дўрмон» ижод уйи ҳудудида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш акцияси бўлиб ўтди.
Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги «Чағониён» фермер хўжалиги раҳбари Ислом Худойбердиев томонидан 400 туп арча ва қарағай дарахт кўчатлари етказиб берилди.
– Президентимизнинг боғ яратишга оид ташаббуси мамлакат бўйлаб кенг қулоч ёйди, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид. – Бугунги акция «Дўрмон» ижод уйи ҳудудининг янада файзли бўлишида алоҳида аҳамият касб этади.
Дўрмон яшилликка бурканган ҳудуд, тоза ҳавоси, сокин муҳити, ўзига хос табиати билан диққатга сазовордир. Бу ерда боғ яратиш нечоғли аҳамиятга эга?

– Қайсидир дарахт қурийди, қайси бири синади, – деди «Дўрмон» ижод уйи директори Асқар Умматқулов. – Яшил ҳудуднинг кўпайиши боғнинг янада кўркам, обод бўлишига хизмат қилади.
Кўчатларни ўтқазиш бир юмуш бўлса, уларнинг келгусида қуриб қолмай, гуркираб ўсиши янада масъулиятли жараёндир.
– Юртимизда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси фаол кечмоқда, – деди Тошкент Ботаника боғи бўлим бошлиғи Атиргул Холмирзаева. – Кўчатни ўтқазиш осон, лекин уни парваришламаса ёки тўғри ўтқазилмаса қуриб қолади. Тупроқ таркибида тош, цемент бўлмаслиги керак. Табиий ишлов бериш, турли зараркунандалардан ҳимоялаш кўчатларнинг баравж ўсишида асосий омилдир. Шу сабабли боғдаги ҳар бир кўчатнинг тақдирига ҳафсала билан қаралади. Об-ҳаво шароитини ҳисобга олиб, махсус ишлов берилади.
Шу куни «Дўрмон» ижод уйига кўплаб арча ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Буларнинг бари юртимизни обод, баҳаво бўлиши йўлидаги ибратли ишларнинг ёрқин намунасидир.
Назокат Усмонова, ЎзА.