Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Дўрмон баҳори" адабий форуми
18:49 / 2023-05-28

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан "Дўрмон баҳори" II адабий форуми ташкил этилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Русийзабон адабиёт кенгаши раҳбарининг ўринбосари Галина Долгая, адабиётшунос олим Адҳамбек Алимбеков ва бошқалар мазкур форум ижодкорларнинг ўзаро фикр алмашиши учун қулай майдон эканини таъкидладилар.

- Мамлакатимизда бугун кечаётган очиқлик, янгиланиш сиёсати адабиётимизда ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда, - деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид.- Диёримизда рус адабиётининг ривожланиши ўзига хос йўлни босиб ўтган. Анна Ахматова, Алексей Толстой, Всеволод Иванов, Корней Чуковский каби шоир ва ёзувчиларнинг Иккинчи жаҳон уруши йилларида Тошкентдан бошпана топгани, уларнинг   ижодида ҳам яхши маънода ўзига хос из қолдирган. Кейинги йилларда адабий соҳадаги алоқаларимиз тобора ривожланиб бормоқда. Бу адибларимизнинг асарларини таржима қилишда, ижодкорларнинг асарларини чоп этишда яққол кўзга ташланмоқда.

- Ўзбек адабиёти қадимдан мангу мавзуларга мурожаат этиши билан жозибадордир, - деди шоир ва таржимон Николай Ильин.- Яна бир жиҳати ўзбек шеъриятининг сюжети эмас, услуби кучли. Буни ўқувчига етказиб бериш таржимонлардан катта маҳорат талаб этади. Юртимизда адабиётга қаратилаётган эътибор китобхон ёшларни тарбиялайди.

Бу йилги "Дўрмон баҳори" адабий форуми ўзбек ва рус қаламкашлари, олимлари, таржимонларининг ўзаро ижодий мулоқоти тарзида ўтказилди. Анжуманда қирғизистонлик ёзувчи ва публицист Сергей Дудашвили, "Литературный Кыргызстан" журнали таҳрир ҳайъати аъзоси Вячеслав Кадиров иштирок этди.

Форум кўп миллатли Ватанимиз адабий муҳитининг бугунги куни ва истиқболлари ҳақида фикр алмашиш, тажрибали ва ёш шоир-ёзувчилар ўртасидаги мулоқот,  ёш ижодкорларнинг Республика Зомин семинарига тайёрланиш, ёшлар учун маҳорат дарсларини ўтказиш мақсадида ташкил этилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида кўп йиллардан буён Қозоқ, Тожик ва Русийзабон адабиёт ижодий кенгашлари фаолият олиб боради. Бу кенгашлар қозоқ, тожик, рус тилларида ижод қилувчи шоир ва ёзувчилар, адабиётшунослар ва драматургларни ўз атрофига бирлаштирган.  

Ўзбекистон адабий муҳитида ушбу тилларда ижод қилувчи шоир ва ёзувчиларнинг муносиб ўрни бўлиб, улар юртимиз маданий ва маънавий ҳаётини ажойиб асарлар билан бойитган.

Жумладан, рус тилида ижод қилган Зоя Туманова, Явдот Илёсов, Александр Файнберг, Михаил Гар каби сўз усталари яратган асарлар мамлакатимиз маънавиятининг хазинасига улуш бўлиб қўшилган.  

Ўзбек адабиётини рус тили орқали хориж мамлакатларида танитиш ишларида айнан юртимизда ижод қилаётган шоирлар, ёзувчилар ва таржимонлар катта ҳисса қўшганлар.

Бугунги кунда ўзбек шеърияти ва насрини рус тилига маҳорат билан ўгиришда Раим Фарходий, Евгений Абдуллаев, Николай Ильин, Бах Аҳмедов, Лариса Юсупова каби бадиий таржима усталарининг хизматлари катта.

"Ўзбекистоннинг замонавий адабиёти", "Адабиётларнинг ўзаро бойиши", "Ўзбекистондаги рус шеърияти ўзбек тилига таржимада", "Ҳужжатли-тарихий насрнинг жозибали томонлари" мавзусида адабий суҳбат, мулоқотлар бўлиб ўтди.

Тадбир давомида шеърият, наср, бадиий таржима, болалар адабиёти йўналишларида Рустам Мусурмон, Галина Долгая, Адҳамбек Алимбеков, Лариса Юсупова, Сувон Мели, Кавсар Турдиева, Рисолат Ҳайдарова, Николай Ильин, Даврон Ражаб каби таниқли шоир, ёзувчи ва таржимонлар ижодий суҳбатлар ўтказишди.

Форум доирасида шеърият оқшоми, рассомлар ижодидан иборат бадиий кўргазма, мусиқали кеча бўлиб ўтди.

Форумда ёшларнинг ижод намуналари кўриб чиқилиб, энг яхшилари Зомин семинари учун танлаб олинди.

Назокат Усмонова, ЎзА