Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиевнинг шифокорлар ҳамда фармацевтика тизими вакиллари билан видеоселектор тарзида ўтган учрашувида вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, фармацевтика соҳасининг раҳбар ва масъуллари, тиббиёт ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, шаҳар, туман ҳокимлари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган учрашувда, соҳанинг бугунги кундаги ҳолати ва ривожига етарлича эътибор берилмаётганлиги, вилоят аҳолисининг фармацевтика маҳсулотларига бўлган талаби, унинг қанчасини маҳаллий ва қанчасини импорт ҳисобига қоплаш мумкинлиги, дори-дармонлар сифати бўйича соҳа масъуллари ва соғлиқни сақлаш тизими мутасаддиларининг аниқ ҳисоб-китоблари йўқлиги қатъий танқид остига олинди.
– Бугунги кунда фаолият юритаётган “Жиззах дори-дармон” масъулияти чекланган жамияти тасарруфида 87 та ижтимоий дорихона шохобчаси бўлиб, шундан 13 таси марказий дорихона ва уларнинг 74 та филиали мавжуд, – деди Эргаш Салиев. – Ушбу дорихоналарда “Асосий дори воситалари рўйхати”га киритилган 7 минг 500 хил дори маҳсулотининг 1 минг 120 хили, атига 15 фоизи мавжуд, холос. Уларнинг ҳам 420 турдагиси ёки 37 фоизи импорт қилинган дори воситаларидир. Ҳозир жамиятга тегишли ижтимоий дорихона шохобчаларида 5 минг хилдан ортиқ дори воситаларига эҳтиёж бор.
Тадбирда шаҳар ва туманларда янги лойиҳаларни амалга ошириш учун барча имкониятлар бўлатуриб, дори воситаларининг импорти юқорилигича қолаётган Жиззах шаҳри (49 фоиз), Мирзачўл (47,7 фоиз), Бахмал (38,3 фоиз) ва Зарбдор (37,7 фоиз) туманларида биронта фармацевтика лойиҳаси амалга оширилмай келинаётгани танқид қилиниб, бу борадаги масъуллар жиддий огоҳлантирилди.

Бундан ташқари, Жиззах вилоят перинатал маркази, вилоят руҳий-асаб касалликлари диспансери, вилоят кўп тармоқли болалар шифохонаси, Ғаллаорол, Бахмал туманлари ва Жиззах шаҳри тиббиёт бирлашмалари таъминотчи корхоналарида дори воситалари юқори нархларда харид қилинганлиги таъкидланди.
Айни пайтда Зомин туманида 103,4 гектар ер майдонида “Зомин-Фарм” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилган бўлиб, 100 гектар плантация доривор ўсимликлар етиштиришга ажратилган. Бироқ ушбу иқтисодий зона ташкил этилганига 6 йилдан ортиқ вақт ўтганлигига қарамасдан, бугунги кунгача ушбу саноат зонасида бор-йўғи 2 тагина лойиҳа амалга оширилгани танқид остига олинди.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган учрашувда вилоят ҳокими фармацевтика тизими масъуллари ва тиббиёт соҳаси мутасадди раҳбарларини қатъий огоҳлантирди ва қайд этилган камчиликларни қисқа фурсатларда бартараф этиш юзасидан топшириқлар бериб, аниқ муддатлар белгилади. Ушбу топшириқларнинг ижроси вилоят ҳокимлигининг доимий назоратида бўлиши таъкидланди.
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири