Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Доривор ўсимликларни етиштириш бўйича семинар(+видео)
10:44 / 2021-06-17

Аввал хабар берганимиздек, Наманган вилояти Поп ихтисослашган давлат ўрмон хўжалиги ва Фарғона вилояти Учкўприк тумани “Меҳригиё” хусусий корхонасида доривор ўсимликларни етиштириш, тайёрлаш ва бирламчи қайта ишлаш, кластерлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва соҳага ёшларни жалб этиш борасида кўргазмали амалий семинар ташкил этилди.

Поп туманидаги Чодак қишлоғи қадимийлиги, мўътадил иқлими, тоғ этаги ва сой бўйида жойлашгани билан алоҳида ажралиб туради. Қишлоқда ўрмон хўжалиги ерларини ижарага олиб фаолият юритаётган 70 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти мавжуд.

Поп ихтисослашган давлат ўрмон хўжалиги майдони 118 минг гектардан иборат бўлиб, асосан доривор ўсимликлар етиштиришга ихтисослашган. Ҳар йили 150-200 гектар майдонда табиий ва маданий ҳолда ўсувчи 30 турдаги доривор ўсимлик етиштирилиб, ундан 150 тоннадан ортиқ тайёр маҳсулот олинади.

Поп ўрмон хўжалигида кичик ишлаб чиқариш корхоналари ҳам ташкил этилган. Масалан, доривор ўсимликларни етиштириш, қуритиш, қадоқлаб, тайёр маҳсулот ҳолига келтиришдан ташқари, улардан эфир мойи олиш ҳам ўзлаштирилган.

Семинарда қайд этилишича, мамлакатимизда жорий йилда 4 минг 200 гектар майдонга 64 турдаги доривор ва озиқ-овқат ўсимликлари экилган. Бугунги кунда 33 та ўрмон хўжалигида 8 турдаги ноёб доривор ўсимлиги тажриба плантациялари барпо этилди.

Поп ихтисослашган давлат ўрмон хўжалигида бошланган семинар Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги “Меҳригиё” хусусий корхонасида давом этди. «Меҳригиё» экомарказида «Лаванда сайли»ташкил қилинди.

Лаванда мойи фармакологик хусусиятига кўра, кучли антиоксидант ҳисобланади. У ўзининг бетакрор ҳиди билан теварак-атрофни дезинфекциялашдан ташқари, мия ва юрак иш фаолияти, улардаги қон айланишини яхшилайди.

Мушакларда пайдо бўлган оғриқ ва яллиғланишни даволайди. Асаб хасталиклари ва уйқусизликка даво бўлади. Иммунитетни мустаҳкамлаб, сурункали чарчоқни бартараф этади. Унинг яна кўплаб шифобахш хусусиятлари бор. 1 тонна лавандадан 2 литр эфир мойи олинади.

Қўқон шаҳрига яқин жойлашган корхона худудида лаванда плантацияси, розмарин майдонларидан ташқари, кўплаб экзотик мевалар етиштириш йўлга қўйилган. Иссиқхонада банан, киви, папаядан тортиб кофе дарахтигача ўсади. Бу каби цитрус меваларни маҳаллий шароитга мослаштириш учун илмий-амалий тажрибалар кенг йўлга қўйилган. Мутахассиснинг фикрига кўра, цитрус меваларни етиштириш нисбатан осон. Чунки улар совуқ ҳамда касалликка чидамли. Лекин банан иссиқсевар мева, совуққа чидамсиз бўлгани учун унга алоҳида шароит керак.

–Ўз фаолиятимизни кластер тизими асосида олиб боряпмиз, – дейди шу соҳа мутахассиси Шоҳрух Холматов.–Лаванда, гожи каби маҳсулотларни ўзимиз экамиз ва қайта ишлаймиз. Бугунги кунда хўжалигимизда лаванда, папая, гуала, зайтун, гожи каби жуда кўп хусусиятга эга бўлган икки юздан зиёд хилма-хил ўсимликлар етиштирилмоқда. Улардан тайёрланаётган шифобахш маҳсулотлар турли касалликларда қўлланиб келинмоқда. Етиштираётган маҳсулотларимиздан олинадиган даромад ҳам юқори. Масалан, папаянинг бир дона меваси 1,5- 2 килограмм атрофида келади. Унинг 1 килограми маҳаллий бозорда ўртача 70-80 минг сўм атрофида сотиляпти. Бир тупи 80-100 донагача ҳосил беради. Ундан бир йилда тўрт- беш мартагача ҳосил олиш мумкин.

<iframe width="1440" height="757" src="https://www.youtube.com/embed/uo_9MJwNz7Y" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>

Муҳайё Тошқораева, ЎзА