Дориларни рецептсиз сотаётган дорихона аниқланди
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда дори воситаларини шифокор рецептисиз сотаётган дорихона аниқланди.
Жумладан “Q.D.” масъулияти чекланган жамияти дорихона провизори Ў.А. фуқаро М.Х.га “Карбамезепин” ва “Димедрол” (инъекция учун) номли дори воситаларини шифокор рецептисиз сотганлиги маълум бўлди. Шунингдек, терговга қадар текширув давомида провизор Ў.А. ҳисобга олиш дафтарига сохта маълумотларни киритиш орқали психотроп ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ортиқча чиқим қилганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири