Дорилар беморларга дармон бўлиши ўрнига айримлар учун “бизнес” манбаига, бюджетни талон-торож қилиш воситасига айлантирилган
2019 йилда “Ўзмедимпекс” корхонаси томонидан 40 миллиард сўмлик эҳтиёж бўлмаган ва яроқлилик муддати шу йилда тугайдиган 719 минг дона дори етказиб берилган;
“Ўзмедимпекс” мансабдор шахслари сўнгги икки йилда хориждан “ампицилин”, “цефазолин”, “цефтриаксон” ва шу каби бошқа дори воситаларини бир неча баробар қиммат нархда сотиб олиб, 9,3 миллион доллар ва 4 миллиард сўм бюджет маблағини ўзлаштирган;
2019 йилда “Ўзмедимпекс” корхонаси томонидан 40 миллиард сўмлик эҳтиёж бўлмаган ва яроқлилик муддати шу йилда тугайдиган 719 минг дона дори етказиб берилган;
Шифокорлар беморларга дори-дармон буюришда, ихтисослашган текширувларга юборишда холис тавсия бериш ўрнига, бу жараённи том маънода “бизнес”га айлантириб юборган...
Аҳоли манфаатига мутлақо зид бўлган бундай аянчли факт ва рақамлар Бош прокуратурада ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мансабдор шахслари 1,8 миллиард сўмлик дори воситаларини қиммат нархда харид қилиб, бюджет маблағларини талон-торож қилинишига йўл қўйган.
– Талон-торожлик ва суиистеъмолчилик ҳолатларининг асл сабабларидан бири – тизимда дори воситаларига эҳтиёжни шакллантириш бўйича мавжуд тартибга умуман амал қилинмаслиги ҳамда вазирлик мутасаддиларининг бундан манфаатдор эмаслигидадир, – деди Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев. – Оқибатда, дори-дармонларга талабни ҳақиқий эҳтиёждан келиб чиқиб белгилаш ўрнига, айрим дори воситаларини асоссиз равишда, эҳтиёждан бир неча баробар ортиқ харид қилиб, тиббиёт муассасаларига қабул қилдириш, бу билан бюджет маблағларини совуришга шароит яратиб берилган.
Айрим турдаги оғир касалликлар учун зарур дори-дармонларни етказиб бериш муаммо бўлиб турган бир пайтда, бефарқ раҳбарлар бюджет маблағларини беҳуда сарфлаётгани аянчлидир. Масалан, жорий йилнинг 8 ойида республика бўйича 464 млн. сўмлик 538 турдаги дори воситаларига яроқлилик муддатида талаб бўлмаган ҳамда муддати ўтгач, йўқ қилинган.
Шифокорлар беморларга дори-дармон буюриш жараёнида “фервекс”, “элевит”, “витрум”, “азимак”, “актовегин”, “флунол” каби дориларни буюриш учун тадбиркорлардан ҳақ олиб келган.
Прокуратура органлари томонидан соҳада ўтказилган текширувларда аниқланган юқоридаги ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган. Хусусан, дори-дармон билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Ўзмедимпекс” корхонаси мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов давом этмоқда.