Мамлакатимиз бўйлаб гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига, жумладан, уларни сақлаш истеъмол қилиш, етиштириш ҳамда реализация қилиш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олишга қаратилган “Қорадори – 2025” кенг кўламли тезкор профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
Ангрен шаҳар ички ишлар бошқармаси ва ДХХ ҳудудий бўлинмаси ходимлари ҳамкорлигида навбатдаги тезкор тадбирда ўтказилди. Тадбирда Андижон вилоятида яшовчи, 40 ёшли фуқаро (С.Т.) ўзига тегишли автомобилда 597 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларини пойтахтга олиб кетаётган вақтида далилий ашёлар билан қўлга олинди.

Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу шахсни дори воситалари билан таъминлаб келаётган, 1993 йили туғилган фуқаро (О.Н.) ҳам 900 дона кучли таъсир қилувчи дори воситасини 2 минг 500 долларга назорат остидаги харидорга сотаётган вақтида қўлга олинди. Ҳолат юзасидан далилий ашёлар расмийлаштирилди.

Мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаш лозим, “Қорадори – 2025” тадбирлари доирасида ўтган 30 кун мобайнида Тошкент вилояти ИИББ ва унинг қуйи тизимлари томонидан 217 та жиноят ҳолати аниқланди. Хусусан, ноқонуний муомаладан жами 17 килограмм турли номдаги гиёҳвандлик ва синтетик моддалар, шунингдек, 11 минг 242 дона кучли таъсирли дори воситалари олинди. Тадбирлар давомида 765 туп гиёҳвандлик ўсимликлари аниқланиб, белгиланган тартибда йўқ қилинди.
Жойларда тезкор ва профилактик тадбирлар изчил давом этмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.