“Ласетти” русумли автотранспорт воситаси Сирдарё вилояти ҳудудида тўхтатилиб текширилганда таркибида кучли таъсир қилувчи кўп миқдордаги дори воситаларини олиб юрганлиги аниқланди ва қўлга олинди.
Сирдарё вилояти давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар ҳамда божхона бошқармалари ходимлари ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида, фуқаро Жастиқ Мастиқов (мақоладаги персонажларнинг исми-шарифи ўзгартирилди) бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомашина Сирдарё тумани “Деҳқонобод” маҳалласи ҳудудига келиб, 1999 йил Жиззах вилоятида туғилган, Пахтакор туманида яшовчи Солмон Соттиев билан учрашган.
Сўнгра Жастиқ Мастиқов бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомашинада Мирзаобод тумани томон ҳаракатланиб кетаётган вақтида, шу туманнинг “Ойдин” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида тўхтатилади ва холислар иштирокда тинтув қилинади.
Тинтув чоғида унинг ёнидан 1 дона целлофан пакетга жойлаштирилган 11 дона, автомашинадан 6 дона целлофан пакетларга жойланган, жами 84 дона таркибида кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланган.
Тезкор тадбир давомида фуқаро Солмон Соттиев ҳам ушланиб, холислар иштирокида тинтув қилинганда ёнидаги сумкадан 11 дона целлофан пакетларга жойлаштирилган, жами 154 дона дори воситалари ҳамда 2 миллион 572 минг сўм пул ашёвий далил сифатида олиб қўйилади.
Олиб борилган терговга қадар текширув жараёнида фуқаро Жастиқ Мастиқов ёнидан ҳамда автомашинадан 95 дона дори воситаларини фуқаро Солмон Соттиевдан 2 миллион 500 минг сўм эвазига сотиб олганлигини, фуқаро Солмон Соттиев эса мазкур дори воситаларни Жиззах вилояти, Пахтакор туманида яшовчи Кимсан Карбоевдан олиб, Гулистон шаҳар ва Тошкент вилоятидаги ушбу дори воситаларини истеъмол қилувчи мижозларга сотиб, пулларини етказиб беришлик учун келаётганлиги аниқланган.
Тезкор тадбир давомида фуқаро Кимсан Қорабоев Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги яшаш хонадонида қўлга олинган. Ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА