Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги ҳамда Тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишга доир талаблар ва шартлар, зарур бўлган ҳужжатлар ва намуналар ҳамда давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини назарда тутувчи Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги ҳамда тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказишга доир талаблар ва шартлар, зарур бўлган ҳужжатлар ва намуналар ҳамда давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини назарда тутувчи Тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
а) бир ой муддатда:
ушбу қарордан келиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасасининг дори воситалари ва тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказишга доир вазифа ва функциялари бўйича ўз ички идоравий ҳужжатлари қайта кўриб чиқади;
дори воситаларининг сифати, хавфсизлиги ва самарадорлигини баҳолаш жараёнида иштирок этувчи кадрлар таркибини қайта кўриб чиқади ва Марказни малакали кадрлар билан тўлдириш, уларни даврий ротация қилиш, Марказ фаолиятига доимий асосда фаолият юритувчи тажрибали хорижий экспертларни жалб қилиш чораларини кўради;
оригинал дори воситаларининг клиник синовлари, женерик дори воситаларининг дори шаклидан келиб чиққан ҳолда, унинг биоэквивалентлигини ўрганиш ва баҳолаш тартибини “Инсон учун қўлланиладиган дори воситаларига қўйиладиган техник талабларни уйғунлаштириш бўйича халқаро кенгаш (1СН)” талаб ва тавсиялари асосида ишлаб чиқиб, тасдиқлайди;
б) уч ой муддатда:
Марказнинг лабораторияларини модернизация қилиш, моддий-техник базасини кенгайтириш ва қувватини ошириш, Марказ ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг фармацевтика фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги вазифа ва функцияларини мувофиқлаштиради, “Зарур амалиётлар (GxP)” талабларига мувофиқлик юзасидан инспекциялар ўтказиш тартибини халқаро стандартлар асосида ташкил этиш юзасидан таклифларни белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади;
халқаро талаблар асосида дори воситалари ва тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказишга оид ҳужжатларига қўйиладиган талаблар бўйича йўриқномаларни ҳамда дори воситалари ва тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган йиғим миқдорларини тасдиқлайди;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштиради;
в) 2026 йил якунига қадар Марказ ҳузуридаги лабораторияларнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан преквалификациядан ўтишини ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг преквалификацияланган лабораториялари рўйхатига киритилишини таъминлайди;
г) давлат рўйхатидан ўтказишда устуворлик берилган дори воситалари ва тиббий жиҳозларнинг рўйхатини доимий равишда Марказнинг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилишини таъминлайди.
ЎзА