Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дори воситалари реализацияси тартибини бузганлик учун жарималар оширилади
18:29 / 2025-10-13

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси йиғилишида дастлаб Президентимизнинг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган "Марказий Осиё — Россия" форматидаги иккинчи саммитида сўзлаган нутқининг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Қайд этилганидек, мазкур нутқда стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва умумий барқарорликни таъминлашга қаратилган бир қатор аниқ таклифлар илгари сурилди. Ушбу ташаббуслар ўзаро ишончни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлади. 

Шундан сўнг йиғилишда бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган рецепт билан бериладиган дори воситаларининг ноқонуний айланмаси учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда фармацевтика тармоғини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, аҳолини сифатли ва хавфсиз дори воситалари, тиббий буюмлар билан таъминлаш ҳамда фармацевтика маҳсулотлари муомаласини тартибга солишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, сўнгги йилларда рецепт билан бериладиган дори воситаларининг ноқонуний муомаласи, уларни қонунга хилоф равишда реализация қилиш ва инсон ҳаёти учун хавфли оқибатларга сабаб бўлаётган ҳолатлар кузатилмоқда. 

Ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига рецепт асосида бериладиган дори воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши жазо чораларини кучайтириш таклиф этилмоқда. Хусусан, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш, шундай ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ёки кўп миқдорда содир этилган ҳолатларда жиноий жавобгарлик белгилаш ва икки юз баравардан уч юз бараваргача миқдорда жарима жазоси назарда тутиляпти.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлмаган дори воситаларини ҳамда таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун амалда белгиланган жарималар миқдорини оширишни кўзда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Муҳокамалар давомида фракция аъзолари мазкур қонун лойиҳаси аҳоли саломатлигини ишончли ҳимоя қилиш, дори воситаларини реализация қилиш талабларига қатъий риоя этилишини таъминлашга қаратилганлигини таъкидлади. Айрим нормалар бўйича таклифлар билдирилди. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА