English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дори-дармонларнинг максимал чакана нархлари тўғрисида телеграм бот орқали маълумот олиш мумкин
11:16 / 2020-10-30

Сўнгги вақтларда, дорихоналарда бир қатор дори-дармонларнинг етишмаслиги ва нархларини сунъий равишда юқори баҳолаш ҳолатлари кузатилмоқда.


Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун @dorinarx_bot телеграм ботининг ишга туширилишининг расмий тақдимоти бўлиб ўтди.

Сўнгги вақтларда, дорихоналарда бир қатор дори-дармонларнинг етишмаслиги ва нархларини сунъий равишда юқори баҳолаш ҳолатлари кузатилмоқда.

Истеъмолчилар вирусга қарши ва иситма туширувчи дориларнинг асоссиз юқори нархларидан шикоят қилмоқдалар.

Мазкур лойиҳадан кўзланган мақсад истеъмолчиларга дори-дармонларнинг максимал чакана нархи тўғрисида маълумот олишлари учун имконият яратишдан иборат. Мазкур телеграм бот орқали дори воситалари нархларини тартибга солишнинг белгиланган қоидасига риоя этилиши устидан жамоатчилик механизми жорий қилинади.

Тақдимот тадбирида агентлик томонидан бундай ахборот тизимининг қулайликлари, фойдаланиш тартиб-қоидалари, мавжуд маълумотлар ҳақида маълумотлар бериб ўтилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрдаги «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори мувофиқ четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилади.

Шуни таъкидлаш лозимки, дори-дармонлар нархлари бўйича ишончли ва аниқ маълумотларнинг мавжуд эмаслиги жамиятда ҳақли норозиликка олиб келади.

Ҳар бир истеъмолчи сотиб олишдан олдин дори маҳсулотнинг чегаравий нархидан хабардор бўлиш ҳуқуқига эга.

Бугунги кунда мамлакатимизда 18 миллион истеъмолчи телеграм мессенжеридан фойдаланмоқда. Истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида ташкил этилган @dorinarx_bot да дори воситасини халқаро патентланмаган номи ёки савдо номи бўйича излаш имконияти мавжуд.

Истеъмолчилар учун @dorinarx_bot да қуйидаги маълумотлар мавжуд:

савдо номи, дозаси, қадоқланган сони ва қадоқ тури, ишлаб чиқарувчи номи, халқаро патентланмаган номи, максимал чакана нархи.