Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 апрелдаги «2019-2021 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 сентябрдаги «Фармацевтика соҳасига зарур амалиётлар (GxP) талабларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида соҳада қилиниши лозим бўлган бир қатор долзарб вазифалар белгиланган. Ушбу ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида «Дори-Дармон» акциядорлик компанияси томонидан тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда таъкидланганидек, «Дори-дармон» акциядорлик компанияси каби фармацевтика маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи маҳаллий корхоналар GDP – Зарур дистрибюторлик амалиёти талабларига жавоб бериши лозим. Халқаро миқёсда қабул қилинган GDP қоидаларига кўра, фармацевтика маҳсулотлари дистрибюторлари ўз фаолиятини ушбу стандартларга мувофиқлаштиришлари керак. У Европа ҳамжамияти томонидан қабул қилинган ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсия этилган яхши дистрибюторлик амалиёти тамойилларига асосланади.
– Президентимизнинг 2024 йил 23 январдаги «Фармацевтика соҳасини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига биноан 2025 йил 1 январга қадар фармацевтика маҳсулотларини чакана сотиш билан шуғулланувчи тармоқли дорихоналар, 2026 йил 1 январга қадар бошқа дорихоналар Зарур дорихона амалиёти (GPP) миллий талабларига мувофиқ мажбурий сертификатлаштирилиши лозим, – деди "Дори-дармон" АК бўлим бошлиғи Соҳиб Маҳмудов.
Яхши дорихона амалиёти (GPP) – бу жаҳоннинг барча ривожланган мамлакатларидаги дорихоналар томонидан амал қилинадиган халқаро стандарт бўлиб, у фармацевтлар томонидан аҳолига кўрсатиладиган фармацевтика хизматларининг тегишли сифатини таъминлаш учун ишлаб чиқилган қоидалардир. 1993 йилда GPP йўриқномаси Халқаро фармацевтика федерацияси томонидан қабул қилинган ва ЖССТ томонидан ҳар бир мамлакатнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда миллий стандартларини яратиш учун асос сифатида тасдиқланган.
"Дори-дармон" акциядорлик компанияси тизимидаги 24 та дорихона ҳам GPP сертификатига эга бўлди. Шундан 10 та дорихона «Фарғона Дори-дармон», 5 та дорихона «Қашқадарё Дори-дармон» жамиятларига тегишли, 9 таси эса «Дори-дармон» акциядорлик компаниясининг Тошкент шаҳрида жойлашган дорихоналари саналади.
Брифингда таъкидланишича, бугунги кунда республика тизимидаги аксарият ижтимоий дорихоналарнинг Зарур дорихона амалиёти миллий стандарти сертификатини олиши учун керакли ишлар олиб бориляпти. Аризалар топширилиб, фармацевтик инспекциялар ўтказилмоқда. Шунингдек, мутахассислар Зарур дорихона амалиёти ўқув курсларида ўқитилиб, уларнинг малакаси оширилмоқда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА