Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Дўппи кийсам ярашади бошимга”
16:43 / 2023-03-11

Андижон шаҳрида ўтказилган маънавий-маърифий тадбир шундай номланди.

Янгиланиш, яшариш фасли – баҳорнинг ташрифи, яқинлашиб келаётган Наврўз байрами олдидан ёшлар ўртасида дўппи ва миллий либосларимизни кенг тарғиб этиш, ёшларнинг кийиниш маданиятини юксалтириш мақсадида ўтказилган тадбирда ўқувчилар ҳамда уларнинг устозлари иштирок этди.

Тадбирда миллий либосларимиз, хусусан, халқимизнинг ўзига хос қадрияти ҳисобланган дўппи ҳақида маълумот берилди, ўқувчи қизларнинг кийиниш маданияти, одоб-ахлоқи хусусида сўз юритилди. 

— Инсоннинг либоси унинг ички дунёсини, одоб-ахлоқини кўрсатади, – дейди – Андижон шаҳар педагогика коллежи директори Дилфузахон Қурбонова. – Миллий либосларимиз эса миллий қадриятларимизни англашга хизмат қилади. Афсуски, кейинги йилларда юртимизга кириб келаётган "оммавий маданият" кўринишлари таъсири оқибатида ёшларимиз орасида миллий либосларимизга, хусусан, дўппига бўлган муносабат бироз пасайгандай бўлди. Лекин, халқимиз ўзининг ўлмас анъана ва қадриятларини асло унутмайди. Шу маънода, миллий бош кийимимизни эъзозлаб, фарзандларимиз онгига либослар билан боғлиқ ўлмас анъаналаримизни чуқур сингдириш орқали миллий қадриятларимизни янада мустаҳкамлаш муҳимдир.  

Тадбирда иштирокчилар томонидан миллий либосларни ёшлар орасида тарғиб этиш, кийиниш маданияти, миллий қадрият ва анъаналарни улуғлаш, мазкур йўналишдаги тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.  

Ўқувчи қизларнинг миллий либослар, дўппини тарғиб этувчи саҳна кўринишлари, ўқилган шеърлар, ижро этилган қўшиқлар тадбирга ўзгача файз бағишлади.  

Миллий урф-одат, қадрият ва анъаналарини унутмаган, келажак авлодга етказа оладиган халқнинг эртаси порлоқдир. Шу маънода ўтказилган тадбир ўқувчилар қалбида миллий қадрият ва либосларимизга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга, кийиниш маданиятини юксалтиришга хизмат қилди.      

                              Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,

З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА