Сенат ялпи мажлисида қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасини ривожлантириш учун кўрилаётган чоралар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.
Мазкур парламент сўрови натижалари 2021 йил 21 октябрда Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилиниб, Ҳукумат томонидан айрим масалаларга аниқ жавоб берилмаганлиги қайд қилинган эди. Сенат қарори билан танқид қилинган масалалар бўйича қўшимча муддат ва топшириқлар берилган эди.
Жумладан, қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини тартибга солувчи қонун ҳамда қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда бўшлиқлар мавжуд ва уларни бартараф этишга қаратилган чоралар кўрилмаган. Ихтисослашган муассасаларнинг моддий-техника таъминоти ва модернизациялаш, хусусан, ПЦР аппаратлари, гемоцитоферез, плазмаферез, иммуногематологик анализатор ва ИФА-анализатор ва бошқа ускуналар билан жиҳозлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланмаган.

Мазкур мақсадлар учун грантлар ажратиш режалаштирилган бўлса-да, бугунга қадар грантлар жалб қилиш бўйича аниқ натижаларга эришилмаган. Қон қуйиш муассасаларида гемаконлар (бир марталик тизимлар ва контейнерлар ёки қон йиғиш пакетлари), қон сақлаш ва транспортировка анжомларининг миқдор ва сифат кўрсаткичлари назорати аниқ ёритилмаган.
Қон хизмати автоматлашган ахборот тизимига барча ихтисослашган муассасалар боғланмаган, ахборот тизимининг иш давомида қўлланилиши ҳамда жорий этилиши расмиятчилик учун ташкил қилиниб, тизимни такомиллаштириш ишлари талаб даражасида эмас.
Муҳокамада Ҳукумат томонидан мазкур масалалар батафсил ўрганиб чиқилганлиги, қатор ижобий ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, айрим масалалар ечими юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланмаган. Натижада қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, қон билан ишлаш хизмати муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, мобил “донорлик комплекс”лари сонини кўпайтириш, кўнгилли ва беғараз донорликни ривожлантириш каби долзарб масалалар ечими ортга сурилмоқда.
Сенаторлар томонидан Вазирлар Маҳкамасига қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ривожлантириш бўйича концепция ишлаб чиқилишини ташкил этиб, унда парламент сўровидаги муаммоларни бартараф этишни назарда тутиш зарурлиги таъкидланди.
Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасини ривожлантириш учун кўрилаётган чоралар доимий назоратда бўлиши юзасидан Сенат қарори қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА