Халқаро донорлар куни муносабати билан Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан шу кунларда “Бор меҳримиз сенга, болажон!” беғараз донорлик акцияси ўтказилмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида партиянинг Самарқанд вилояти кенгаши вилоят қон қуйиш марказида партия фаоллари ва депутатлар, фавқулодда вазиятлар, ички ишлар, миллий гвардия ва бошқа ташкилотлар ходимларини жалб этган ҳолда хайрия тадбири ўтказди.

– Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш партиямизнинг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади, – дейди “Адолат” социал-демократик партияси Самарқанд вилояти кенгаши раиси Ҳиммат Оқбўтаев. – Ушбу хайрия акцияси айнан шу мақсадлар асосида ташкил этилди. Шу пайтгача вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида аҳолининг кенг қатламини донорликка даъват этиб, тарғибот тадбирлари ўтказдик. Донорлик бутун дунёда оммавий ҳаракатлардан бири ҳисобланади ва бизда ҳам кейинги йилларда бу жараён анча такомиллашди. Биз ушбу акцияни келгусида ҳам давом эттириш ниятидамиз.


Тадбирда 300 нафардан ортиқ киши бемор болалар ҳаётини сақлаб қолиш ва уларнинг дардларига шифо тилаб донорлик акциясида қатнашди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари