Инсон ҳаёти ва соғлиғини сақлаб қолиш учун қон таркибий қисмларига муҳтож бўладиган вазият ҳар кимда юзага келиши мумкин. Мамлакатимизда беғараз донорлик ва уни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Жорий йил 20 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2026-2030 йилларда қон билан ишлаш хизматини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори қабул қилинди. Қон маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни таъминлаш ҳамда қарорда белгиланган вазифаларнинг аҳамияти хусусида Тошкент шаҳар қон препаратларини тайёрлаш илмий маркази Қон тайёрлаш ва донорлик бўлими бошлиғи Матлуба ЎРИШЕВАнинг фикрларига қизиқдик.
– Донорлик – ҳар қандай шахс амалга ошириши мумкин бўлган инсоний бурч, – деди Матлуба Ўришева. – Мамлакатимизда қон захираси камайиб кетмаслигининг олдини олиш, уни таъминлаш учун янгича ёндашувларни амалга оширишга эътибор қаратилмоқда. Бунда барча қон гуруҳига эга бўлган донорларни жалб этиш, яъни нафақат мусбат, балки манфий қон гуруҳи захирасини ҳам таъминлаш муҳим саналади.

Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “2026-2030 йилларда қон билан ишлаш хизматини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарор соҳада замонавий ёндашувлар асосидаги вазифаларни белгилаб берди. Жумладан, қон билан ишлаш хизмати имкониятларини кенгайтириш, қон маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни тўлиқ қоплаш ва беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантиришга киришилди.
Қарорда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида донорлар сонини ҳар минг нафар аҳолига 30 тагача ошириш, қон маҳсулотлари захирасини 150 минг литрдан 450 минг литрга етказиш, беғараз қон донорлари сонини 300 мингдан 900 минг нафаргача кўпайтириш ва бошқа вазифалар кўрсатиб ўтилди.
Ҳужжатда қон хавфсизлигини таъминлаш, хизмат ходимларининг малакасини ошириш ва замонавий технологиялар билан ишлаш кўникмаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бунда, албатта, Қон хизмати муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳам алоҳида эътиборга олинган.
Қарорга кўра, қон билан ишлаш хизмати ташкилотларида янги тизим йўлга қўйилади. Жумладан, 2026 йил 1 октябрдан қон билан ишлаш хизмати ташкилотларида қон маҳсулотлари хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш бўйича барча техник ва тиббий жараёнларни тартибга солувчи стандарт операцион жараёнлар ҳамда хавфсизлик баённомалари ташкил қилинади.
Шунингдек, “Эҳтиёж – қайта ишлаш – етказиш” занжири доирасида бизнес жараёнларини бошқариш тизими жорий этилади. Яна бир жиҳат қон билан ишлаш хизмати ташкилотларида қон маҳсулотларини мажбурий тартибда икки босқичли скрининг текширувидан ўтказиш тизими ҳам йўлга қўйилади.
Жорий йил 1 январдан бошлаб беғараз қон донорлиги ҳаракатини ривожлантириш мақсадида ҳар ойда “Бирга ҳаётни сақлаймиз” миллий донорлик акцияси ўтказилмоқда. Бир ҳафтаси – қон билан ишлаш хизмати ташкилотларини ислоҳ қилиш, шу жумладан, мазкур “йўл харитаси”да белгиланган вазифалар сифатли ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш бўйича ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилмоқда. Уч ҳафтаси – таълим, шифохона ва бошқа ташкилотларда донорлик тадбирлари ташкил этилади. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимига кирувчи вазирлик, идора ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳарбий хизматчилари ва ходимлари ўртасида ҳар йили бир маротаба донорлик кунлари ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 20 январдаги қарори тегишли бандида аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил қилиш белгиланган. Айни кунларда Тошкент давлат транспорт университети, Иқтисодиёт университети, Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университет ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида беғараз қон донорлигининг аҳамиятини тарғиб этишга қаратилган тадбирлар ўтказилди.
Тадбир давомида донорликнинг инсон ҳаётини сақлаб қолишдаги ўрни, унинг ижтимоий ва маънавий аҳамияти ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди. Донорлик акциялари ўтказилди. Ҳар бир ҳудудда – жамоат жойлари, бозорлар, университет ва дам олиш масканларида кўчма донорлик пунктлари ташкил этилди.
– Шу ўринда қон топшириш жараёнлари, талаблари ҳақида ҳам маълумот берсангиз...
– Айтиш лозимки, 18 ёшга тўлган, тиббий кўрикдан ўтган, вазни 50 килограммдан ортиқ ўзини соғлом деб билган ҳар бир инсон ихтиёрий равишда донорликка қон топшириши мумкин. Бу жараёнга рози бўлган одам албатта, шифокорлар кўригидан ўтказилади. Биринчи донорнинг қони таркибидаги гемоглобин миқдори аниқланади. Қон олиш бир марталик система орқали амалга оширилади ва бу билан донорнинг юқумли касалликларга чалинишининг олди олинади. Топширилган қонда “Б” ва “C” вирусли гепатитлар, ОИТС, цифилис ва бруселлёз касалликлари қўзғатувчилари бор ё йўқлиги текширилади. Кейин қоннинг биохимик таҳлили ўтказилади, донорнинг қон гуруҳи ҳамда резус фактори аниқланади. Албатта бунда таҳлил натижалари шифокорлар томонидан сир тутилади.
Қон топшириш хавфсиз, бу жараён талабгор учун зарарли эмас, аксинча, фойда келтиради. Яъни унинг қон таркиби янгиланади, қон айланиш тизими фаолияти янада яхшиланади, иммунитети мустаҳкамланади. Шунингдек, қон босими юқори бўлган кишиларга ҳам қон топшириш тавсия этилади, бу уларга ижобий таъсир кўрсатиши фанда исботланган.
Ҳар бир инсон бир йилда тўрт марта қон топшириши мумкин, бироқ унинг оралиғи икки ойдан кам бўлмаслиги зарур. Мазкур жараённинг давомийлиги 30-40 дақиқа бўлиб, бунда донордан камида 350 мл. ва 450 мл. қон олинади.
– Донорлар риоя қилиши керак бўлган қандай тавсиялар бор?
– Дарҳақиқат, донорлик амалиётини бажаришдан аввал қон берувчи ўз саломатлигини муҳофаза қилиши ҳамда топширадиган қони сифатини яхшилаш мақсадида бир неча жиҳатларга эътибор қаратиши лозим. Аввало мунтазам овқатланиши, кун давомида кўпроқ суюқлик ичиш муҳим. Амалиётдан икки-уч соат олдин ёғли, аччиқ таомлар истеъмол қилмаслиги керак. Ёғли овқатлар қоннинг сифатига таъсир қилади ва унинг даво самарасини камайтиради. Оч қоринга қон топшириш эса мумкин эмас, шунинг учун донор эрталаб енгил нонушта қилиб келиши лозим бўлади. Тиниқиб ухлаши муҳим. Масалан тунги навбатчиликлардан кейин қон топшириш тавсия этилмайди, чунки унда кўп қувват сарфланган бўлади. Бу эса организмда модда алмашинувига таъсир қилади. Донорликкача икки кун мобайнида спиртли ичимликлар ичмаган бўлиши керак.
Донорлик амалиётидан кейин йўқотилган суюқлик ўрни 36 соат ичида, эритроцитлар саккиз ҳафта мобайнида, плазма уч-беш кун ичида, тромбоцит ва лейкоцитлар беш-етти кун давомида тикланади. Шундан келиб чиқиб, тўлиқ қонни йилига тўрт-беш марта (эркаклар ҳар икки ойда, аёллар ҳар уч ойда) топшириш тавсия қилинади. Плазма ва қоннинг бошқа компонентларини ҳар ўн тўрт кунда топшириш мумкин.
– Фойдали маълумотлар ва суҳбат учун ташаккур!
ЎзА мухбири
Абдулазиз РУСТАМОВ суҳбатлашди.